
Антикоррупция яқин қариндошлар билан боғлиқ коррупция хавфларини бир соатда аниқламоқчи
Акмал Бурхоновга кўра, энди сунъий интеллект ёрдамида давлат харидларидаги манфаатлар тўқнашуви ва яқин қариндошлар билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар бир соат ичида аниқланади.

Энди Антикоррупция агентлиги яқин қариндошлар билан боғлиқ коррупция хавфларини тезда аниқлайди. Бу ҳақда ЎзА Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновга таяниб, хабар берди.
Бурхоновга кўра, агентлик ҳузурида ташкил этилаётган «Хавф-таҳлил маркази»га вазирлик ва идораларнинг 30 га яқин маълумот базалари интеграция қилинади.
Мазкур марказда сунъий интеллект технологиялари жорий этилиб, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва назорат қилиш имкониятлари кенгайтирилади. Хусусан, soliq.uz базаси орқали ташкилот таъсисчилари билан давлат харидларида аффилланганлик ҳолатлари, “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистикаси” тизими орқали коррупцияга оид жиноятлар ва уларнинг сабаблари, «my.mehnat.uz» базаси орқали эса яқин қариндошларнинг бевосита бўйсунув асосида ишлаши ҳолатлари аниқланади.
Қайд этилишича, натижада коррупциявий хавф-хатарларни таҳлил қилиш жараёни анъанавий усулда 5–6 кун вақт олган бўлса, рақамлаштириш орқали бу иш бир соат ичида амалга оширилади.





