АҚШ Россияга қарши янги санкциялар пакетини тайёрлмоқда — Reuters

25.10.2025 | 23:082 daqiqa

Доналд Трамп маъмурияти Украинадаги уруш тўхтамаса, Россия иқтисодиётининг асосий тармоқларига қарши янги санкциялар жорий этишга тайёрланмоқда.

АҚШ Россияга қарши янги санкциялар пакетини тайёрлмоқда — Reuters

Reuters агентлиги манбаларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Россияга қарши қўшимча иқтисодий санкциялар тайёрламоқда. Ушбу чоралар Россия диктатори Владимир Путин Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни давом эттирса, кучга кириши мумкин. Янги санкциялар мамлакатнинг банк тизими ва нефт экспорти инфратузилмасига йўналтирилади.

АҚШ расмийлари, шунингдек, Европа Иттифоқи ҳамкорларига музлатилган рус активларини Киев учун америкалик қуроллар харидига йўналтириш ғоясини қўллаб-қувватлашини билдиришган.

Reuters маълумотига кўра, Вашингтон ўз ҳудудидаги шундай маблағларни Украина қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш учун ишлатиш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда.

«Маъмурият ҳозирча ушбу чораларни тез фурсатда амалга оширадими, аниқ эмас, аммо бу Трампнинг Россияга нисбатан босимни кучайтириш учун аниқ режаси борлигини кўрсатади», — деб ёзади агентлик.

Манбаларнинг таъкидлашича, президент Трамп янги чекловлардан сўнг Россиянинг жавоб реакциясини баҳолаш учун бир неча ҳафталик танаффус олиши мумкин. Шу билан бирга, Украина расмийлари Вашингтонга Россия банкларини доллар тизимидан узиш бўйича янги таклифлар тақдим этган, аммо бу таклифлар қанчалик жиддий кўриб чиқилаётгани ҳозирча номаълум.

Reuters манбаларининг маълум қилишича, баъзи қонун чиқарувчилар Россияга қарши икки партияли санкциялар қонун лойиҳасини яна кун тартибига қайтармоқда. Бир манбага кўра, Трамп ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр, аммо яқин ҳафталарда бу амалга ошиши эҳтимоли кам.

Европа Иттифоқи расмийлари эса таъкидлашича, Евроиттифоқ учун «Лукойл»га қарши тўлиқ блокловчи санкциялар жорий этиш қийин бўлади, чунки компания Болгария ва Руминияда нефть заводларига ҳамда Европада кенг бензин станциялари тармоғига эга. «Бизнинг вазифамиз — бу боғлиқликни йўқотиш, шундагина тўлиқ санкция жорий қилиш мумкин бўлади», — деди ЕИ манбаси.

Teglar

Mavzuga oid