АҚШ ва Озарбойжон стратегик шериклик хартиясини имзолади

Kecha 08:582 daqiqa

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев имзолаган янги хартия Жанубий Кавказда транспорт, энергетика ва хавфсизлик соҳаларидаги ўйин қоидаларини ўзгартириши мумкин.

АҚШ ва Озарбойжон стратегик шериклик хартиясини имзолади

АҚШ ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга чиқди. Боку шаҳрида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев икки давлат ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги хартияни имзолади. АҚШнинг Озарбойжондаги элчихонаси маълум қилишича, ҳужжат икки томонлама ҳамкорликни институционал ва узоқ муддатли асосга ўтказади.

Хартияда суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро тан олиш асосий принцип сифатида мустаҳкамланган. Шунингдек, ҳужжат Жанубий Кавказнинг транзит ва логистика салоҳиятини тўлиқ ишга солишни мақсад қилади. Томонлар минтақа барқарорлиги ва иқтисодий интеграциясини кучайтиришни стратегик устувор вазифа сифатида белгилаган.

 

Ўрта коридор ва TRIPP

Хартиянинг муҳим йўналишларидан бири транзит инфратузилмасини ривожлантиришдир. Томонлар Хитойдан Европа бозорларига олиб чиқувчи «Ўрта коридор»ни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу йўлак Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбойжон ва Гуржистон орқали Туркия ва Европа давлатларига чиқишни назарда тутади.

Шу билан бирга, ҳужжатда TRIPP лойиҳаси — «Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп маршрути» ҳам қўллаб-қувватланди. У Озарбойжонни Арманистон ҳудуди орқали Нахичивон билан боғлашни кўзда тутади. Бу лойиҳа минтақада иқтисодий алоқаларни кучайтириш ва савдо харажатларини камайтириш имконини беради.

 

АҚШ таъсири кучаймоқда

Хартия АҚШнинг Жанубий Кавказдаги фаоллигини кучайтириш стратегиясининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда. Вэнснинг Боку сафари унинг Ереванга ташрифидан кейин амалга ошди. У ерда АҚШ ва Арманистон ўртасида фуқаролик ядровий энергетикаси бўйича келишув имзоланиб, Вашингтон Арманистон энергетика соҳасига 9 млрд долларгача инвестиция киритишни режалаштирган.

«Bloomberg» нашрининг  таъкидлашича, ушбу қадамлар АҚШнинг минтақага таъсирини кенгайтиришга қаратилган. Бу жараёнлар Доналд Трамп воситачилигида ишлаб чиқилган Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги тинчлик келишуви лойиҳаси ортидан амалга ошмоқда.

Teglar

Mavzuga oid