
АҚШнинг 20 та ҳарбий компанияси учун Хитой бозори ёпилди
Хитой Тайванга қурол сотган АҚШнинг 20 та компанияси ва 10 нафар раҳбарига санкция қўллади.

Хитой ҳукумати Тайванга ҳарбий техника ва қурол-яроғ сотиш орқали мамлакат суверенитетини бузган АҚШнинг 20 та йирик мудофаа компанияси ва 10 нафар жисмоний шахсга нисбатан чекловлар эълон қилди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Расмий баёнотга кўра, ушбу жазо чоралари Пекиннинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган. Вазирлик Тайванга қурол етказиб берилишини Хитойнинг ички ишларига қўпол равишда аралашиш ва халқаро ҳуқуқ нормаларини бузиш деб баҳолади. Санкциялар эълон қилинган кундан бошлаб дарҳол кучга кирди.
Санкциялар рўйхатига АҚШнинг энг йирик ҳарбий-саноат корпорацияларидан бири бўлган Northrop Grumman ҳамда Boeing компаниясининг Сент-Луисдаги филиали киритилган. Шунингдек, чекловлар мазкур корхоналарнинг юқори раҳбариятида фаолият юритувчи ўн нафар шахсга нисбатан ҳам татбиқ этилди. Хитой томони ушбу шахсларнинг қурол етказиб бериш жараёнларида бевосита масъул эканини алоҳида қайд этди.
Жорий этилган чекловларга мувофиқ, санкциялар рўйхатига тушган компаниялар ва шахсларнинг Хитой ҳудудидаги барча активлари музлатиб қўйилади. Бундан ташқари, Хитой ташкилотлари ва фуқароларига ушбу компаниялар билан ҳар қандай бизнес алоқаларини олиб бориш, шартномалар тузиш ёки молиявий амалиётларни бажариш қатъиян ман этилади. Рўйхатдаги шахслар учун Хитой Халқ Республикаси, жумладан, Гонконг ва Макао ҳудудларига кириш тақиқланди.
Хитой ҳукумати Тайван масаласида ҳеч қандай муросага бормаслиги ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий воситалардан фойдаланишда давом этишини билдирди. АҚШ мудофаа компаниялари учун Хитой бозорининг ёпилиши уларнинг глобал таъминот занжирига маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин.





