Арзон нефт даври тугадими? — Эрондаги урушнинг жаҳон иқтисодиётига яширин зарбаси

Эрондаги уруш сабаб нефт нархи бошқа ҳеч қачон асл ҳолатига қайтмаслиги мумкин. Бу нафақат бензин, балки кундалик ҳаётимиздаги оддий буюмларга ҳам даҳшатли таъсир қилади.

Арзон нефт даври тугадими? — Эрондаги урушнинг жаҳон иқтисодиётига яширин зарбаси © Reuters

Эрондаги уруш глобал иқтисодиёт матрицасини бутунлай ўзгартириб юборди. Ҳўрмуз бўғози очилган тақдирда ҳам, ёнилғи нархлари аввалги «нормал» ҳолатига қайтмаслиги хавфи бор. Харидорлар эндиликда ўзларини суғурталаш мақсадида нефтни олдиндан сотиб олишга мажбур бўлмоқда, бу эса харажатларни кескин оширмоқда.

«Independent» нашрининг ёзишича, кемаларни суғурталаш харажатлари осмонга сакраган ва танкерлар Яқин Шарқни узоқдан айланиб ўтишга мажбур бўлмоқда. Транзит йўллари узайиб, таъминот занжирлари кўз ўнгимизда узилмоқда. Денгиздаги ҳар бир ортиқча миля масофа эса АЁҚШлардаги бензин нархига қўшимча центлар бўлиб қўшилади.

Кундалик ҳаётимиздаги «яширин нефт»

Хомашё нархининг кескин ошиши фақатгина ҳайдовчиларга эмас, балки барчага зарба беради. Нефт нархи исталган якуний маҳсулот қийматига бевосита таъсир қилади: аввал бензин ва дизел, кейин товарлар логистикаси қимматлашади. Сўнгра қишлоқ хўжалиги жабр кўради, чунки ўғитларнинг аксарияти нефт-кимё маҳсулотларидан олинади.

АҚШ Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, нефт 6000 дан ортиқ кундалик истеъмол товарлари таркибида мавжуд. Улар орасида:

  • аспирин ва бошқа дори-дармонлар;

  • идиш ювиш воситалари;

  • тиш пастаси ва бўёқлар;

  • ҳар қандай кўринишдаги пластик маҳсулотлар бор.

Шунингдек, қурилиш соҳаси ҳам ўта қимматлашмоқда. Асфалт, қувурлар, изоляция ва бўёқлар нефтни қайта ишлашнинг қўшимча маҳсулотларидир. Энергетика инқирози автоматик равишда уй-жойларни оддий одамлар учун етиб бўлмас даражага олиб чиқади.

Дунё иқтисодиёти стратегиясини ўзгартирмоқда

2020 йилгача дунё бизнесда «айни вақтида» тамойили асосида ишлаган — компаниялар фақат бугунги кун учун керакли миқдордаги нефтни сотиб олган. Бу арзон ва самарали эди. Аммо Украина ва Эрондаги урушлар ҳаммасини ўзгартирди.

Эндиликда давлатлар ва йирик бизнес «ҳар эҳтимолга қарши» тамойили билан улкан захиралар тўплашга ўтмоқда. Янги омборлар қуриш ва стратегик захираларни сақлаш харажатлари эса якунда оддий истеъмолчиларнинг гарданига тушади. Натижада исталган маҳсулотнинг таннархи ошади.

Яқин Шарқдаги ишлаб чиқариш қувватлари жиддий зарар кўрган ва уларни тиклаш учун йиллар керак бўлади. Муаммо ер остида нефтнинг бор-йўқлигида эмас, балки уни аввалгидек арзон ва катта ҳажмда етказиб беришнинг имконсиз бўлиб қолаётганидадир.

Жорий вазият ва қўрқинчли прогноз

Доналд Трампнинг Эрон билан музокаралар ҳақидаги баёнотлари фонида нархлар бироз пасайган бўлса-да, экспертлар тинчлик битими тузилгунига ва бўғозда эркин кема қатнови тикланмагунига қадар нефт баррели 80 ва 100 доллар оралиғида тебраниб туришини башорат қилмоқда.

Шу билан бирга, Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) Осиё ва Европа ҳукуматлари билан захираларни бозорга чиқариш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказмоқда. ХЭА мутахассислари 1970-йиллардагидан ҳам даҳшатлироқ бўлган янги глобал «нефт шоки» юз бериши мумкинлигидан жиддий огоҳлантирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid