add

«Asakabank»нинг 15 фоиз акциясини ЕТТБ сотиб олди

Bugun 17:552 daqiqa

Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2026 йилда давлат банки акциядорлари таркибига кириб, банкни хусусийлаштириш жараёнида иштирок этади.

«Asakabank»нинг 15 фоиз акциясини ЕТТБ сотиб олди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) «Asakabank» акцияларининг 15 фоизини сотиб олади. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, мазкур келишув 2026 йилда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, банкни хусусийлаштириш жараёнида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳукумати номидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, ЕТТБ ҳамда «Asakabank» ўртасида «Asakabank»ни хусусийлаштиришнинг асосий тижорат шартларини белгилаб берувчи «Term Sheet» имзоланган. Ҳужжат томонлар ўртасидаги ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашни назарда тутади.

Имзоланган шартларга кўра, транзакция, тартибга солиш ва корпоратив-ҳуқуқий талаблар белгиланган тартибда тўлиқ бажарилгандан сўнг, 2026 йилда ЕТТБ «Asakabank» акциядорлари таркибига расман кириши кўзда тутилган. Бу эса банкда халқаро инвестор иштирокини таъминлайди.

«Asakabank»ни хусусийлаштириш доирасида ЕТТБ билан ҳамкорлик бир қатор стратегик йўналишларни қамраб олади. Жумладан, корпоратив бошқарув сифатини ошириш ва банк фаолияти шаффофлигини кучайтириш, хатарларни бошқариш ҳамда ички назорат тизимларига халқаро стандартларни жорий этиш режалаштирилган.

Шунингдек, банкнинг капитал базаси ва операцион барқарорлигини мустаҳкамлаш, бозор тамойилларига асосланган барқарор ривожланиш моделини шакллантириш ҳамда хусусийлаштиришнинг кейинги босқичлари олдидан инвестицион жозибадорликни ошириш ҳамкорликнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Вазирлик таъкидлашича, мазкур лойиҳа давлат активларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, халқаро инвесторларнинг Ўзбекистон молия бозорига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатда рақобатбардош ва барқарор банк секторини ривожлантиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтиш жоизки, 2024 йил май ойида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ЕТТБ «Asakabank»ни сотишга тайёрлаш бўйича алоҳида битим имзолаган эди. Унга мувофиқ, ЕТТБ хусусийлаштиришдан олдин маслаҳат, техник ёрдам ва инвестиция киритиш имкониятларини кўриб чиққан.

Teglar

Mavzuga oid