
Атом энергетикасида ваколатли орган расман белгиланмоқда
Аҳоли сони ва турмуш даражасининг ошиши натижасида 2030 йилга келиб Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган эҳтиёж 120–125 млрд kWhʼга етиши мумкин, дейилди Сенат мажлисида.

Сенатнинг 12-ялпи мажлисида «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди. Ҳужжат атом энергетикаси соҳасида давлат бошқарувини аниқ белгилаш ва ҳуқуқий базани халқаро стандартларга мослаштиришга қаратилган.
Муҳокамалар давомида таъкидланишича, бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам электр энергиясига бўлган талаб изчил ўсиб бормоқда. Экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, иқтисодий ўсиш, аҳоли сони ва турмуш даражасининг ошиши натижасида 2030 йилга келиб электр энергиясига бўлган эҳтиёж 120–125 млрд kWhʼга етиши мумкин.
Шу шароитда барқарор ва узлуксиз энергия таъминотини таъминлаш давлат сиёсатида устувор йўналишга айланмоқда. Атом энергетикаси ушбу вазифани ҳал этишда муҳим ўрин тутади. Катта ва кичик қувватли реакторларнинг уйғун ишлаши энергетика тизими барқарорлигини ошириб, қайта тикланувчи энергия манбаларини самарали интеграция қилиш имконини беради.
Президентнинг 2024 йил 24 майдаги қарорига мувофиқ, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги қайта ташкил этилди. Янги тузилма — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги тўғридан тўғри ҳукумат таркибига киритилиб, кенгайтирилган ваколат ва вазифаларга эга бўлди.
Қонунга мувофиқ, айнан ушбу агентлик атом энергияси соҳасида ваколатли орган сифатида белгиланмоқда. Давлат органларининг ваколатлари, жавобгарлиги ва ўзаро ҳамкорлик механизмлари аниқлаштирилмоқда.
Сенаторлар фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши ядро хавфсизлиги ва радиация муҳофазасини кучайтириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг атом энергетикаси соҳасидаги нуфузини оширишга хизмат қилади.





