БАА мактаб ўқувчиларига сунъий интеллект бўйича янги тақиқ қўйилди

16.02.2026 | 16:352 daqiqa

Бирлашган Араб Амирликларида 13 ёшдан кичиклар учун сунъий интеллект иловаларидан фойдаланиш чекланди.

БАА мактаб ўқувчиларига сунъий интеллект бўйича янги тақиқ қўйилди

Бирлашган Араб Амирликлари Таълим вазирлиги мамлакатдаги барча таълим муассасаларига генератив сунъий интеллектдан фойдаланишни тартибга солувчи янги йўриқномани юборди ва уни бажариш мажбурий деб белгилади. Янги тартибга кўра, 7-синфдан кичик ёки 13 ёшга тўлмаган ўқувчиларга ChatGPT каби иловалардан фойдаланиш тақиқланади.

Бу қарор академик ҳалолликни ҳимоя қилиш, ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш ва тартибли таълим муҳитини сақлаш мақсадида қабул қилинган. Мазкур қоидалар 2026 йилга мўлжалланган «Синфларда сунъий интеллектдан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланиш» қўлланмасида баён қилинган.

Ҳужжатда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг аниқ чегаралари белгилаб берилган. Вазирлик тасдиқлаган доирадан ташқари ҳар қандай қўллаш амалдаги таълим қоидаларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Таълимдаги ҳалоллик

Янги тизимнинг асосий тамойили академик ҳалоллик ҳисобланади. Ўқувчиларга ўқитувчини олдиндан огоҳлантирмасдан ёки рухсат олмасдан сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган топшириқ, тадқиқот ёки ҳисоботларни ўз иши сифатида тақдим этиш тақиқланди.

Расмийлар бундай амалиёт таълим жараёнининг ҳаққонийлигига путур етказишини таъкидлади. Шу боис мактаблар сунъий интеллектдан кўчириш, баҳолаш талабларини четлаб ўтиш ёки академик меъёрларни бузиш мақсадида фойдаланилмаслигини таъминлаши шарт.

Шунингдек, вазирлик ўқувчилар топшириқларни бажаришда тўлиқ равишда сунъий интеллектга таянишининг олдини олишни ҳам вазифа сифатида белгилади. Қарор кичик ёшдагиларнинг мустақил фикрлаш, ижодкорлик ва мулоқот кўникмаларини сақлаб қолишга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда ўқитувчилар ўрнига сунъий интеллект дарс ўтадиган мактаблар очилган эди. Мактабларда ўқитувчилар йўқ, уй вазифалари йўқ ва ўқиш учун тўлов йилига 65 минг долларгача етиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid