add

Бандлик вазири 2026 йилда 1 миллион киши доимий иш билан таъминланиши ҳақида айтди

03.01.2026 | 22:002 daqiqa

Ўзбекистонда келаси йил ишсизликни 4,5 фоизга тушириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини кенг кўламда ошириш режалаштирилмоқда.

Бандлик вазири 2026 йилда 1 миллион киши доимий иш билан таъминланиши ҳақида айтди

Ўзбекистонда 2026 йилда ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизгача пасайтириш режа қилинган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ботир Зоҳидов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда мамлакатда ишсизлик даражаси 5,8 фоизни ташкил этмоқда ва сўнгги йилларда бу кўрсаткич кескин қисқарган.

Вазир таъкидлашича, эндиликда асосий эътибор меҳнат бозорига янги кириб келаётган аҳолини иш билан таъминлашга қаратилади. Шу мақсадда 2026 йил давомида 1 миллион нафар аҳолини доимий иш жойлари билан таъминлаш режалаштирилган. Бу билан бирга, 4 миллион нафар фуқаронинг даромадини ошириш, шу жумладан, 1 миллион камбағал аҳолини даромадни кўпайтиришга қаратилган хизматлар билан қамраб олиш вазифаси қўйилган.

Бандлик соҳасидаги яна бир муҳим йўналиш сифатида норасмий меҳнатни қисқартириш белгиланган. Режага мувофиқ, 2026-йилда 1 миллион нафар норасмий ишлаётган фуқаронинг фаолиятини расмий секторга чиқариш кўзда тутилган. Бу чора меҳнат бозори шаффофлигини ошириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Мазкур мақсадларга эришиш учун қатор лойиҳалар амалга оширилади. Хусусан, “Бандлик органлари — иш берувчилар ҳамкори” лойиҳаси доирасида 30 мингдан ортиқ иш берувчи билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, 150 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаш режалаштирилган.

“Меҳнацевар аёл” лойиҳаси орқали эса 40 мингдан зиёд имконияти чекланган фуқароларни бандликка жалб қилиш имкони яратилади.

Шунингдек, “Маҳаллий брендлар тармоғи”ни ҳудудларга кенг жорий этиш орқали тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш ва камида 30 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаш мақсад қилинган. Қишлоқ хўжалигида ўқув-тажриба майдонларини ташкил этиш ва юқори даромадли экинлар экиш ҳисобига 250 минг нафар аҳолининг даромадини икки баробарга ошириш режалаштирилмоқда.

Вазир маълум қилишича, 2025-йилнинг январ—ноябр ойларида қарийб 5,1 миллион нафар фуқаро даромадли меҳнатга жалб этилган. Шу даврда 450 нафардан ортиқ норасмий ишлаётган шахсларнинг фаолияти расмийлаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid