Банкларда автокредитларнинг ўртача фоизи рекорд даражада пасайди
Бу кўрсаткич Марказий банк микроқарз ва автокредитларнинг ўртача фоиз ставкаларини эълон қилишни бошлаганидан бери кузатилган энг паст даража бўлди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaМарказий банк 2026-йил 13-июль ҳолатига кўра, мамлакатдаги тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилган микроқарз ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди.
Янги ҳафтада микроқарзлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 29,0 фоиз бўлди. Автокредитлар бўйича эса Марказий банк микроқарз ва автокредитларнинг ўртача фоиз ставкаларини эълон қилишни бошлаганидан бери кузатилган энг паст даража — 21,4 фоизни ташкил этди. Ўтган ҳафтада бу кўрсаткич мос равишда 21,5 ва 29,1 фоиз бўлганди.
Микроқарзлар
Микроқарзлар сегментида энг паст фоиз ставкаси 22,8 фоиз билан «Aloqabank»да қайд этилди. Кейинги ўринларда «Infinbank» 24,0 фоиз, «Trastbank» 24,1 фоиз, «Asia Alliance Bank» 24,2 фоиз ва «Milliy bank» 25,2 фоиз ставка билан жойлашди.
Шунингдек, «OFB» 26,1 фоиз, «BRB» 26,2 фоиз, «Ziraat bank» ва «Agrobank» 26,5 фоиздан, «Xalq banki» ҳамда «Mikrokreditbank» 26,6 фоиздан, «Kapital bank» 27,0 фоиз, «Asaka bank» ва «SQB» 27,2 фоиздан, «Poytaxt bank» 27,4 фоиз ҳамда «Turon bank» 27,5 фоиз ставкада микроқарз таклиф қилмоқда.
Юқори сегментда «Garant bank» 29,7 фоиз, «Hamkorbank» ва «Universal bank» 30,1 фоиздан, «Apex bank» 30,2 фоиз, «Madad Invest bank» 31,3 фоиз ҳамда «TBC bank» 33,3 фоиз ставка таклиф қилмоқда.
Энг юқори ставкалар «Ipak Yo‘li banki» 34,0 фоиз, «Ipoteka bank» 34,1 фоиз, «Davr bank» 34,7 фоиз, «Uzum bank» 38,0 фоиз ва «AVO bank» 39,9 фоизда қайд этилди.

Автокредитлар
Автокредитлар бўйича энг паст ставка 18,1 фоиз билан «BRB»да қайд этилди. Кейинги ўринларда «Ipoteka bank» 18,7 фоиз, «Davr bank» 19,7 фоиз, «Apex bank» 20,9 фоиз ва «Aloqabank» 21,1 фоиз ставка билан жойлашди.
Шунингдек, «SQB» 21,4 фоиз, «Garant bank» 21,8 фоиз, «Ipak Yo‘li banki» ва «Infinbank» 22,0 фоиздан, «Turon bank» 22,4 фоиз, «Asaka bank» 22,5 фоиз, «OFB» 22,6 фоиз, «Xalq banki» 23,2 фоиз ҳамда «Milliy bank» 23,7 фоиз ставкада автокредит ажратмоқда.
Ўрта сегментда «Octobank» ва «TBC bank» 24,0 фоиздан, «Asia Alliance Bank» 24,1 фоиз ҳамда «Mikrokreditbank» 24,6 фоиз ставка таклиф қилмоқда.
Банклар орасида энг юқори автокредит ставкалари «Hamkorbank» 24,9 фоизда қайд этилди.

Маълумот учун, йил бошидан бери аҳолига берилган кредитлар қолдиғи 3,1 фоизга кўпайиб, 227,1 трлн сўмга етган. Бунда автокредитлардан бошқа барча кредитларда ўсиш кузатилган. Банклардаги аҳолининг автокредитлари қолдиғи 1 январга нисбатан 0,4 фоизга пасайиб, 39,56 трлн сўмгача тушган.
Банкларда автокредит ажратиш 2023 йилдан кейин камайишни бошлади. Бунга Марказий банк томонидан киритилган чекловлар сабаб бўлди. Регулятор рискларни олдини олиш мақсадида банкларнинг кредит портфелига автокредитлар учун 25 фоизлик чеклов жорий қилганди.
Натижада автокредит ажратиш пасайишни бошлади ва бу иккиламчи бозордаги автомобиль нархларига ҳам таъсир қилди — 17-18 минг доллар сотилган Cobalt нархлари бозорда 10-11 минг долларгача тушиб кетди. 2023 йилда аҳоли учун энг оммабоп кредит автокредит бўлган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг ўрнини микроқарзлар эгаллади.
Бироқ, яқин йилларда микроқарзлар учун банкларнинг кредит портфелига 25 фоизлик чеклов жорий қилиниши кутиляпти. Шу сабабли янги тартибга банклар аллақачон мослашишни бошлаб юборган. Бу бир томондан микроқарзлар фоизини пасайтираётган бўлса, бошқа томондан уларни олиш имкониятини қийинлаштирмоқда.





