
Барчасига СИ сабабчи: Японияда видеокарталар талон билан сотила бошлади
Японияда йирик ритейлерлар видеокарталар савдосига чеклов киритди: сунъий интеллект сабаб хотира танқислиги геймерлар бозорида жиддий инқирозни юзага чиқармоқда.

Японияда видеокарталар бозорида фавқулодда чоралар жорий этилмоқда. Tom’s Hardware хабарига кўра, Токио шаҳрининг Акиҳабара ҳудудида жойлашган йирик дўконлар, жумладан Tsukumo eX. «бир харидорга — битта видеокарта» қоидасини амалга киритган. Чекловлар ўрта ва юқори сегмент моделларига тааллуқли.
Хусусан, «Nvidia»нинг GeForce RTX 5060 Ti (16GB) ва ундан юқори моделлари, шунингдек AMD’нинг Radeon RX 9000 сериясидан бошлаб видеокарталар сотуви чекланмоқда. Дўконлар маълум қилишича, «Nvidia» видеохотираси — VRAM етказиб беришни вақтинча тўхтатган, бу эса ишлаб чиқарувчилар занжирида узилишларга сабаб бўлган.
Муаммонинг асосий илдизи сунъий интеллект инфратузилмасига бориб тақалади. Дунё бўйлаб дата-марказлар учун ҳисоблаш қувватига талаб кескин ошган. Samsung, SK Hynix ва Micron каби йирик ишлаб чиқарувчилар қиммат СИ-сервер хотирасига устуворлик бериб, оддий DRAM ва GDDR ишлаб чиқаришни қисқартирмоқда.
Натижада, бозорда бир қатор салбий оқибатлар кузатилмоқда. 2025 йилда RAM ва SSD нархлари 246 фоиздан ортиққа ошди. Айрим ишлаб чиқарувчилар, жумладан Framework, алоҳида хотира модуллари савдосини тўхтатди, Япониядаги баъзи дўконлар эса 2026 йилгача тайёр компьютерларга буюртма қабул қилмаяпти. Видеокарталар ишлаб чиқарувчилари ҳам геймерлар сегментида маҳсулот ҳажмини қисқартиришга мажбур.
Мутахассислар вазият тез орада яхшиланишини кутмаяпти. Таҳлилчиларга кўра, хотира танқислиги камида 2026 йил охиригача давом этади. Янги заводлар қурилиши йиллар талаб қилади, ишлаб чиқарувчилар эса СИ бозорида «пуфак» пайдо бўлишидан хавотирда. Шу боис геймерларга мавжуд қурилмаларни асраш ёки анча қиммат «темир»га тайёр туриш тавсия қилинмоқда.



