Барро: Франция Форс кўрфази давлатларини ҳимоя қилишга тайёр

02.03.2026 | 18:202 daqiqa

Исроил ва АҚШнинг Эронга зарба бериши билан бошланган можаро тез орада Яқин Шарқдаги қўшни давлатларга ҳам тарқалди. Франция эса минтақадаги араб давлатларни ҳимоя қилишини эълон қилди.

Барро: Франция Форс кўрфази давлатларини ҳимоя қилишга тайёр

Франция зарурат бўлса, Форс кўрфази давлатлари ва Иорданияни Эрондан ҳимоя қилишга «тайёр». Бу ҳақда бугун, 2-март куни Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро маълум қилди.

Эрон 28-феврал кунидан бошлаб АҚШ–Исроил томонидан амалга оширилган ракетали зарбалар натижасида олий раҳбар оятуллоҳ Али Ҳоманаий ҳалок бўлганидан сўнг, АҚШ базаларини нишонга олаётганини айтиб, бир қатор Форс кўрфази давлатларига ракеталар ва дронлар билан ҳужумлар уюштирди.

2-март куни Форс кўрфази бўйлаб янги зарбалар овози эшитилди, жумладан Дубай, Доҳa ва Манама шаҳарларида. Эрон армияси Кувайтдаги АҚШ ҳарбий ҳаво базасига ҳамда Ҳинд океанидаги кемаларга қарши ҳужумларда 15 та қанотли ракета қўллаганини маълум қилди.

«Эрон Инқилобий гвардияси ракеталари ва дронлари томонидан атайлаб нишонга олинган ва ўзлари танламаган урушга тортиб киритилган иттифоқчи мамлакатларга – Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Ироқ, Баҳрайн, Кувайт, Уммон ва Иорданияга – Франция тўлиқ қўллаб-қувватлаш ва мутлақ ҳамжиҳатлик изҳор этади. Франция уларни ҳимоя қилишда иштирок этишга тайёр», – деди у.

«Эрон ракеталарини йўқ қиламиз»

Франция, Германия ва Буюк Британия 1-март куни зарурат туғилса, Форс кўрфазидаги ўз манфаатлари ва иттифоқчилари манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканини билдирганди.

«Эроннинг эҳтиётсиз ҳужумлари яқин иттифоқчиларимизни нишонга олди ва минтақадаги ҳарбий хизматчиларимиз ҳамда фуқароларимизга таҳдид солмоқда. Биз минтақадаги ўз манфаатларимиз ва иттифоқчиларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш учун чоралар кўрамиз, зарур ва мутаносиб мудофаа ҳаракатларини амалга ошириш орқали Эроннинг ракеталар ва дронларини манбаида йўқ қилиш имкониятини ишга солишимиз мумкин», – дейилади уларнинг қўшма баёнотида.

Барронинг қўшимча қилишича, Исроил ва АҚШнинг Эрондаги «бир томонлама» ҳужумлари халқаро ҳуқуқни қўллаб-қувватловчи органларда, масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида муҳокама қилиниши керак эди.

«Ҳар ким ўз масъулиятини ўз зиммасига олиши мумкин эди, чунки куч ишлатиш фақат (БМТ) Хавфсизлик Кенгаши олдига чиқилган тақдирдагина зарур легитимликка эга бўлади», – деди Барро Париждаги вазирликда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг журналистларга.

Барронинг айтишича, Франция президенти Эммануэл Макрон Ироқ президенти Абдул Латиф Рашид билан суҳбатлашган ва Эроннинг можародан қочишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Барро ҳозирча француз фуқаролари орасида қурбонлар ҳақида хабар йўқлигини, можародан жабрланган ҳудудлардан француз фуқароларини қайтариш ишлари имконият туғилиши билан бошланишини айтди. Унинг сўзларига кўра, тахминан 400 000 нафар француз фуқароси Форс кўрфази ва унинг атрофидаги мамлакатларда яшамоқда ёки ҳозирда ташриф буюрмоқда.

Teglar

Mavzuga oid