
Бензин сифати шубҳали бўлса, истеъмолчи нима қилиши керак?
Ёнилғи сифатига шубҳа туғилганда чек ва ҳужжатлар сақланган ҳолда расмий тартибда мурожаат қилиш талаб этилади.

Агар ёнилғи қуйиш шохобчасида сотилган автобензин сифати истеъмолчининг шубҳасини уйғотса, аввало харид фактини тасдиқловчи зарур ҳужжатлар билан Ўзэнергоинспекцияга мурожаат қилиш лозим.
Мурожаат қилиш учун ёнилғи сотиб олинган автойўл ёнилғи қуйиш шохобчасининг тўлиқ номи ва манзили аниқ кўрсатилиши шарт. Шунингдек, маҳсулот учун тўлов амалга оширилганини тасдиқловчи чек мавжуд бўлиши лозим. Бу ҳужжатлар сифатига шубҳа билдирилган ёнилғининг айнан қайси манбадан харид қилинганини аниқлаш имконини беради.
Машинага зиён етса қандай текширув ўтказилади?
Агар автотранспорт воситасида юзага келган носозлик сифатсиз ёнилғи оқибатида пайдо бўлган, деб ҳисобланса, у ҳолда қўшимча ҳужжат талаб этилади.
Хусусан, таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган техник хизмат кўрсатиш шохобчаси томонидан берилган расмий хулоса тақдим қилиниши лозим. Ушбу хулосада двигателдаги носозлик сабаби аниқ ва асосли кўрсатилиши керак.
Амалдаги қоидаларга мувофиқ, автотранспорт воситасининг ёнилғи бакидан намуна олиб таҳлил қилиш амалиёти қўлланилмайди. Сифат текшируви фақат шубҳа туғилган АЁҚШда сақланаётган нефт маҳсулотларидан намуна олиш орқали ўтказилади. Олинган намуна белгиланган стандартлар асосида кимё-назорат лабораторияларида текширилади.
Мутахассислар сифатсиз ёнилғининг истеъмолчиларга тарқалишининг олдини олиш мақсадида, бундай ҳолатлар кузатилганда зудлик билан тегишли идорага хабар беришни тавсия қилади. Фуқаролар Ўзэнергоинспекциянинг ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, ҳолат юзасидан расмий текширув бошланишига туртки бериши мумкин.





