Бердимуҳамедовнинг кортежи туфайли ҳомиладор аёл вафот этди
Йўллар ёпилгани учун эр аёлини шифохонага вақтида олиб бора олмаган. Оқибатда аёл эрининг қўлида вафот этган.

Туркманободда 15 октябр куни Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг кортежи ўтаётганда хавфсизлик ходимлари машинани ўтказмагани оқибатида етти ойлик ҳомиладор аёл вафот этди. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.
Ўша куни Сердар Бердимуҳамедов янги мажмуа қурилишига пойдевор қўйиш маросимида иштирок этди. Давлат раҳбарининг ташрифи сабабли шаҳардаги деярли барча кўчалар ёпилган, транспорт ва пиёдалар ҳаракати чекланган.
Аёлнинг эри уни шифохонага олиб бораётганда, йўлда уларни хавфсизлик ходимлари тўхтатиб, ўтказишмаган. Эркак тиз чўкиб, ўтишга рухсат беришларини ёлворган, аммо унга тор кўчалар орқали туман касалхонасига боришни буюришган. Йўлда аёл унинг қўлида жон берган. Шифохонага етиб келганларида шифокорлар энди ҳеч қандай ёрдам кўрсатиб бўлмаслигини айтишган.
Нашр маълумотларига кўра, эркакнинг олдига хавфсизлик хизмати ходимлари келиб, ундан воқеани ошкор қилмасликни талаб қилган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, оиланинг уйи хавфсизлик кучлари томонидан назорат қилинмоқда, эркакнинг ўзига эса таҳдид қилинмоқда.
Шифохона ходимларининг таъкидлашича, президент ташриф буюрган куни ҳатто тез ёрдам машиналари ҳам йўлга чиқа олмаган.
Туркманистон ҳукумати воқеа юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаяпти. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳодиса ҳақида хабар қилмаяпти.





