Беш давлат Россияни Навалнийни заҳарлашда айблади

15.02.2026 | 11:552 daqiqa

Буюк Британия ва яна тўрт Евроиттифоқ давлати Алексей Навалний қамоқда эпибатидин билан заҳарланганини билдириб, Москвани халқаро конвенцияларни бузишда айблади.

Беш давлат Россияни Навалнийни заҳарлашда айблади

Буюк Британия, Швеция, Франция, Германия ва Нидерландия ташқи ишлар вазирликлари 14 феврал куни қўшма баёнот эълон қилиб, россиялик мухолифатчи Алексей Навалний қамоқхонада заҳарланганини маълум қилди. Баёнотда қайд этилишича, таҳлил қилинган намуна натижаларига кўра, у Эквадор заҳарли дарахт қурбақасидан олинадиган ўта токсик эпибатидин моддаси билан заҳарланган.

«Эпибатидиннинг токсик хусусиятлари ва қайд этилган симптомларни ҳисобга олган ҳолда, ўлимнинг эҳтимолий сабаби заҳарланиш бўлган», дейилади баёнотда.

Муаллифлар Навалний қамоқда бўлгани сабабли Россияда «восита, мотив ва имконият» мавжуд бўлганини таъкидлади.

Шунингдек, баёнотда Москва Кимёвий қуролни тақиқлаш конвенцияси ва Биологик ҳамда токсин қуролларини тақиқлаш тўғрисидаги конвенцияни бир неча бор бузгани қайд этилди.

Кимёвий қурол айблови

Ҳужжат муаллифлари 2020 йил августда Навалнийнинг «Новичок» нерв-паралитик моддаси билан аввалги заҳарланиши ва 2018 йил Солсберида Сергей ва Юлия Скрипалларга қарши шу модда қўлланганини эсга олди.

«Агентство» нашри эътибор қаратган маълумотларга кўра, «Давлат илмий-тадқиқот органик кимё ва технология институти» сайтида эпибатидин ҳақида илмий мақолалар мавжуд. Улар орасида моддани қонда аниқлаш усуллари ва унинг ҳосилаларини синтез қилишга доир маълумотлар борлиги айтилмоқда.

Баёнотни имзолаган давлатларнинг Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти ҳузуридаги доимий вакиллари ташкилот раҳбарига мактуб йўллаб, Россия томонидан конвенция бузилгани ҳақида расман маълум қилди.

Тергов ва позициялар

Навалний 2024 йил февралда Харп посёлкасидаги 3-сонли «Қутб бўриси» колониясида вафот этган. Россия томони унинг ўлими «комбинациялашган касаллик» оқибатида юзага келган тўсатдан аритмия билан изоҳлаган эди.

Навалнийнинг рафиқаси Юлия Навалная «X» ижтимоий тармоғида Европа олимлари икки йил давомида намуна таҳлили ўтказганини ёзди. «Энди далиллар бор: Путин Алексейни кимёвий қурол билан ўлдирди», деб ёзди у. «ФБК» раҳбари Мария Певчих ҳам заҳар тасодифан қамоқ камерасига тушиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

Teglar

Mavzuga oid