Бибисара Асаубаева Тўқаевга Спорт вазирлиги устидан шикоят қилди
У 2025 йилдан бошлаб ойлик маоши уч баробар қисқартирилганини айтди.

Қозоғистонлик шахматчи, халқаро гроссмейстер Бибисара Асаубаева мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга видео мурожаат йўллаб, спортдаги молиялаштириш муаммолари ва давлат қўллаб-қувватлаши масаласида ёрдам сўради.
Дунё рейтингида бешинчи ўринда турган шахматчи мурожаатида Norway Chess-2026 турнирида муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритганини эслатди. Унинг айтишича, мусобақага тайёргарлик йиғинлари шахсий мукофот пуллари ва ота-онаси маблағлари ҳисобидан ўтказилган. Шунингдек, мазкур турнир учун жалб қилинган секундантлар ва таҳлилчиларга ҳалигача ҳақ тўланмаган.
Асаубаева ўзини президент таъбири билан айтганда мамлакатнинг «олтин фонди» вакили деб атаб, юқори натижаларга қарамай доимий қийинчиликларга дуч келаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, шахмат бўйича жаҳон чемпионатидаги ғалаба учун Спорт вазирлиги томонидан бериладиган мукофот атиги 2 минг долларни ташкил этади. Бу олимпия медали учун тўланадиган 250 минг долларлик мукофотдан анча кам.
«Маошим уч баравар қисқартирилди»
Шахматчининг айтишича, иккинчи жаҳон чемпионлигидан кейин 2023 йилдан бошлаб у Спорт вазирлиги орқали ойига 1 миллион тенге (тахминан 24,6 миллион сўм) маош олган. Бироқ 2025 йилда янги вазир лавозимга келгач, бу маош уч баравар қисқартирилган.
Асаубаева 2025 йил охирида блиц бўйича учинчи бор жаҳон чемпиони бўлганидан кейин жаҳон тожи учун номзодлар турнирига йўлланма олганини билдирди. Унинг таъкидлашича, мусобақага тайёргарлик учун ажратилган маблағлар етарли бўлмагани сабабли вазирдан ёрдам сўралган. Вазир Sport Qory жамғармаси орқали ёрдам беришга ваъда қилган бўлса-да, спортчига маблағнинг фақат бир қисми ажратилган.
Шу сабабли у номзодлар турнирида секундантларини ўзи билан олиб бора олмаганини айтди. Кейинчалик жамғармага қайта топширилган ариза ҳам рад этилган.
Асаубаева, шунингдек, президент фармони билан унга II даражали «Барис» ордени берилганига қарамай, мукофот ҳалигача топширилмаганини билдирди. У апрель ва май ойларида президент номига уч марта мурожаат йўллагани, аммо жавоб олмаганини қайд этди.
«Олдинда катта стартлар, йиғинлар ва кўп иш бор. Мен нима қилишим керак, жаноб президент?» — дея мурожаатни якунлади шахматчи.
Вазирлик Асаубаевага ажратилган маблағларни очиқлади
Асаубаеванинг мурожаатидан сўнг Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги режадан ташқари брифинг ўтказди. Вазир ўринбосари Серик Жарасбаевнинг маълум қилишича, Спорт ва туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали шахматчининг халқаро мусобақаларга тайёргарлиги учун 2024 йилда 64 миллион тенге (тахминан 1,57 миллиард сўм), 2025 йилда 79 миллион тенге (тахминан 1,94 миллиард сўм) ва 2026 йилда 100 миллион тенге (тахминан 2,46 миллиард сўм) ажратилган.
Унинг таъкидлашича, Қозоғистон шахмат федерацияси томонидан ҳам қўшимча молиявий кўмак кўрсатилган. Жарасбаев давлат раҳбари Бибисара Асаубаеванинг кетма-кет уч марта жаҳон чемпиони бўлганини юқори баҳолаб, уни II даражали «Барис» ордени билан тақдирлаш ҳақида фармон имзолаганини ҳам эслатди.





