Бир йилда пешлавҳалар учун 8,2 млрд сўм жарима қўлланилган – Бизнес-омбудсман

Bugun 16:152 daqiqa

Ўзбекистонда пешлавҳалар учун реклама паспорти йўқлиги сабаб 2025-йилда 384 тадбиркор жаримага тортилган.

Бир йилда пешлавҳалар учун 8,2 млрд сўм жарима қўлланилган – Бизнес-омбудсман

Анчадан бери Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари пешлавҳалари учун реклама паспорти олинмаганлиги ва тегишли тўловлар тўланмаганлиги сабабли маҳаллий ҳокимликлар бошчилигида уларни бузиш-демонтаж ишлари амалга оширилаётган ва бу тадбиркорлар мулкига зарар етказилиши билан бирга, уларнинг савдо кўрсаткичлари тушишига сабаб бўлаётган эди.

Кеча, 5-май куни президент Шавкат Мирзиёев ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар билан танишганида корхона номи ва фаолият турини билдирувчи ахборот белгиларини реклама сифатида баҳоламаслик ва улар учун махсус паспорт талабини бекор қилиш таклиф этилди ва бу президент томонидан маъқулланди.

Бизнес-омбудсманнинг маълум қилишича, пешлавҳалар ва транспорт воситалари учун реклама жойининг паспортини олмаган юридик шахслар «Реклама тўғрисида»ги қонунга асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (20,6 млн сўм) жарима қўлланилган. 2025-йилда 384 нафар шахсга жами 8,2 млрд сўм жарима қўлланилган.

Шунингдек, реклама жойи паспортини олишда бюрократик тўсиқлар мавжуд

Шу сабабли ҳам рекламалар ва бошқа ахборот белгиларини жойлаштиришга доир дизайн талабларини тадбиркорлар таклифларини инобатга олган ҳолда босқичма-босқич жорий этиш, юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларига ўз савдо белгисини жойлаштириш тартибини соддалаштириш ташаббуси илгари сурилган.

Солиқ кодексига киритилмаган имтиёзлар

Бизнес-омбудсманга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон президентининг 5 та фармони ва 21 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарори билан берилган солиқ имтиёзлари Солиқ кодексига киритилмаганлиги сабабли уларни қўллашда низоли ҳолатлар юзага келмоқда.

Масалан, 2016-йил 2-декбрдаги ПФ–4861-сон фармонга асосан, камида 4 юлдузли меҳмонхоналарни фойдаланишга топширган санадан бошлаб фойда, ер ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўловидан озод қилинган. Бироқ ушбу имтиёз Солиқ кодексига киритилмаганлиги сабабли, 2022-2025-йиллар учун қўлланилган имтиёзлар бекор қилинган. 35 та тадбиркор томонидан 2023-2025-йиллар учун қўлланилган 30,3 млрд сўм солиқ имтиёзлари бекор қилиниб, қўшимча солиқ ва пеня ҳисобланган.

Кечаги йиғилишда имтиёзларни Солиқ кодексига киритиш ва ҳисобланган солиқ ҳамда пеняларни бекор қилиш таклиф қилинган.

Teglar

Mavzuga oid