Компания номи ёзилган пешлавҳалар реклама деб ҳисобланмайди
Президент маъқуллаган таклифга кўра, корхона номи ва фаолият турини билдирувчи ахборот белгилари реклама сифатида баҳоланмайди, улар учун махсус паспорт талаби ҳам бекор қилиниши режалаштирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар билан танишди. Унда тадбиркорлар фаолиятида ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтириш асосий йўналишлардан бири сифатида кўрсатилди.
Муҳокамалар давомида пешлавҳалар ва бренд белгиларини жойлаштириш, савдо ҳамда умумий овқатланиш объектлари учун маъмурий талаблар, меҳнат муносабатлари, нақд пулсиз тўловлар, солиқ имтиёзлари каби масалалар кўриб чиқилди. Шунингдек, молиявий жарималар ва ташқи иқтисодий фаолиятдаги ортиқча ҳужжатбозлик ҳам танқид остига олинди.
Амалдаги тартибга кўра, айрим ҳолларда корхона номи ёки савдо белгиси туширилган пешлавҳалар ҳам реклама сифатида баҳоланиб, улар учун алоҳида рухсатнома ва тўлов талаб қилинган. Бу эса тадбиркорлар учун қўшимча харажат ва вақт йўқотишига олиб келаётгани қайд этилди.
Янги таклифга кўра, корхона номи ва фаолият турини билдирувчи ахборот белгиларини реклама сифатида баҳоламаслик ва улар учун махсус паспорт талабини бекор қилиш режалаштирилмоқда. Бу эса савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг кўринишини яхшилаб, мижозлар оқимига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Шунингдек, реклама ва бошқа ахборот белгиларини жойлаштириш бўйича дизайн талабларини босқичма-босқич жорий этиш, юридик шахслар транспорт воситаларида ўз брендини жойлаштириш тартибини соддалаштириш ташаббуси илгари сурилди.
Президент мазкур таклифларни маъқуллаб, тадбиркорликдаги ортиқча тўсиқларни камайтириш, назорат ва тартибга солиш механизмларини соддалаштириш, шунингдек, рақамлаштиришни бизнес учун қўшимча юк эмас, балки қулайлик яратадиган воситага айлантириш зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ VAQT.UZ ташқи рекламаларнинг огоҳлантиришсиз бузиб ташланаётгани ортидан тадбиркорлар янги реклама усулларини излай бошлагани ҳақида хабар қилган эди.
Кейинчалик Тошкент шаҳар ҳокимлиги витрина ва экранлар орқали реклама ҳам қонун доирасида чекланишини маълум қилган.





