add

Биткоин эронликлар учун нажот: криптобозор 7,8 млрд долларга етди

Kecha 21:382 daqiqa

Санкциялар ва инқироз шароитида эронликлар криптовалютани ҳам омон қолиш, ҳам қаршилик воситасига айлантирмоқда.

Биткоин эронликлар учун нажот: криптобозор 7,8 млрд долларга етди

2025 йил якунида Эрон криптоэкотизими ҳажми 7,78 млрд долларга етди ва бу мамлакат молиявий тизимида мутлақо янги воқелик шаклланаётганини кўрсатди. «Chainalysis» ҳисоботига кўра, рақамли активлар Эронда оддий фуқаролар учун иқтисодий нажот, сиёсий норозилик инструменти ва санкция остидаги элита учун асосий молиявий каналга айланган.

Энг хавотирли тенденция — криптобозорда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) таъсирининг кескин ошиши. Блокчейн таҳлиллари 2025 йил тўртинчи чораги ҳолатига кўра, ИИМК билан боғлиқ тузилмалар мамлакат криптобозорининг 50 фоиздан ортиғини назорат қилаётганини кўрсатади. 2024 йилда ушбу тармоқларга тегишли ҳамёнлардаги 2 млрд долларлик маблағлар 2025 йилда 3 млрд доллардан ошиб кетган. Бу маблағлар Яқин Шарқдаги прокси гуруҳларни молиялаштириш, қурол хариди ва халқаро санкцияларни четлаб ўтиш учун ишлатилаётгани қайд этилмоқда.

Шу билан бирга, биткоин оддий эронликлар учун иқтисодий ҳимоя воситасига айланди. 2018 йилдан буён риёл қийматининг 90 фоизгача қадрсизланиши ва 40–50 фоизли инфляция фонида аҳоли оммавий равишда биткоинга ўтмоқда. 2025 йил охири — 2026 йил бошидаги оммавий намойишлар пайтида биржалардан шахсий (кастодиал бўлмаган) ҳамёнларга маблағ чиқариш кескин ошгани кузатилди.

Бу жараён бир неча омил билан изоҳланади. Биринчидан, риёл амалда халқаро валютага алмаштирилмайдиган ҳолатга келди. Иккинчидан, интернет ўчирилиши ва кучли босим шароитида биткоин давлат томонидан мусодара қилиб бўлмайдиган ягона актив сифатида қаралмоқда. Учинчидан, криптовалюта кўплаб эронликлар учун мамлакатни тарк этишда ликвидликни сақлаб қолиш воситасига айланди.

Таҳлиллар ҳарбий-сиёсий кескинлик билан криптофаоллик ўртасида тўғридан тўғри боғлиқлик мавжудлигини ҳам кўрсатади. Ракета зарбалари, киберҳужумлар ва молиявий инфратузилмага босим пайтларида транзакциялар ҳажми чўққига чиққан.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Эрон тажрибаси криптовалюта авторитар давлатларда икки қиррали рол ўйнаётганини яққол намоён қилмоқда: у аҳоли учун «қутқарув ҳалқаси», давлат тузилмалари учун эса санкцияларни айланиб ўтиш воситасига айланган.

Teglar

Mavzuga oid