add

БМТ дахлсизлиги поймол бўлди: Исроил булдозерлари Шарқий Қуддусдаги UNRWA биноларини бузиб ташламоқда

Bugun 10:343 daqiqa

Исроил БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги штаб-квартирасини бузишни бошлади. Исроил расмийлари буни «тарихий кун» деб атади.

БМТ дахлсизлиги поймол бўлди: Исроил булдозерлари Шарқий Қуддусдаги UNRWA биноларини бузиб ташламоқда

Исроил босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам ишлари агентлиги (UNRWA) штаб-квартираси ҳудудидаги биноларни бульдозерлар билан бузишни бошлади. Бу ҳақда «Al-Jazeera» нашри хабар берди. Исроилнинг ўнг қанот ҳукумати айни пайтда Ғазодаги фаластинликларга ўта зарур ёрдам кўрсатадиган гуманитар гуруҳлар фаолиятига нисбатан қатъий чоралар қўлламоқда.

Халқаро ҳуқуққа очиқча зид ҳаракат

UNRWA эълон қилган баёнотида айтилишича, Исроил кучлари агентлик ходимларининг қурилмаларини мусодара қилган ва уларни Шайх Жарроҳ маҳалласидаги штаб-квартирадан мажбуран чиқариб юборган.

«Бу нафақат UNRWA ва унинг биноларига нисбатан мисли кўрилмаган ҳужум, балки халқаро ҳуқуқнинг, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг имтиёз ва дахлсизлик ҳуқуқларининг жиддий бузилишидир», — дейилади баёнотда.

Фаластин маъмуриятининг кескин баёноти

Рамаллоҳда жойлашган Фаластин миллий маъмурияти ушбу бузиш ишларини қоралаб, UNRWAга қарши қаратилган қасддан амалга оширилаётган эскалация хавфидан огоҳлантирди. Маъмуриятнинг таъкидлашича, бу ҳаракатлар агентликнинг роли ва БМТ мандатини тизимли равишда нишонга олиш ҳамда фаластинлик қочқинларни халқаро ҳимоя қилиш тизимига путур етказишга уринишдир.

20 январ куни кечроқ Исроил кучлари босиб олинган Шарқий Қуддусдаги яна бир БМТ объекти — Фаластин ҳунармандчилик мактабига қарата кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди.

Фаластиннинг «Wafa» ахборот агентлиги хабарига кўра, маҳаллий манбалар Исроил армияси гуруҳи бульдозерлар ҳамроҳлигида атрофдаги кўчаларни ёпиб, ҳудудда ҳарбий мавжудликни кучайтирганидан сўнг UNRWA мажмуасига бостириб кирган ва ҳудуд ичидаги иншоотларни бузишга киришган.

Лаззарини: «Бу тизимли сиёсат»

UNRWA раҳбари Филипп Лаззаринининг сўзларига кўра, ҳужум пайтида Исроил қонун чиқарувчилари ва ҳукумат аъзолари ҳам иштирок этган. У ушбу ҳужумни Исроил расмийлари томонидан «Фаластинлик қочқинлик идентификациясини (ўзлигини) йўқ қилиш бўйича кўрилаётган бошқа чораларнинг давоми» деб атади.

«Бугун UNRWA билан содир бўлаётган воқеалар эртага дунёнинг исталган нуқтасида бошқа халқаро ташкилот ёки дипломатик миссия билан ҳам такрорланиши мумкин», — дея огоҳлантирди у.

Исроил айбловлари

Исроил UNRWA агентлигини фаластинпарастликда ва «Ҳамас» гуруҳи билан алоқадорликда айблаб, ташкилотга бир неча бор ҳужум қилган, бироқ бу борада бирон бир далил тақдим этмаган. БМТ агентлиги ушбу айбловларни қатъиян рад этиб келмоқда. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги бузиш ишлари ташкилот фаолиятини тақиқловчи янги қонун ижроси доирасида амалга оширилаётганини билдирди.

Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир штаб-квартирага бригадалар билан бирга келганини айтиб, буни «тарихий кун» деб атади.

Исроил парламенти 2024 йил октабр ойида UNRWAнинг Исроил ҳудудида фаолият юритишини тақиқловчи ва Исроил расмийларининг агентлик билан алоқа қилишини ман этувчи қонун қабул қилган эди. Ўтган ойда қонунга UNRWA объектларига электр энергияси ва сув етказиб беришни тақиқловчи ўзгартириш киритилди. Шунингдек, Исроил расмийлари ўтган ойда UNRWAнинг босиб олинган Шарқий Қуддусдаги офисларини эгаллаб олган эди. БМТ Шарқий Қуддусни Исроил томонидан босиб олинган ҳудуд деб ҳисоблайди, Исроил эса бутун Қуддусни ўз мамлакатининг бир қисми деб билади.

Teglar

Mavzuga oid