БМТ хавотирда: Марказий Осиёда сув захираси 12 фоизга камайди
FAO'га кўра, Марказий Осиёда сув танқислигининг асосий сабаби унинг номутаносиб тақсимланишида: минтақадаги барча сув олиш ҳажмининг 82 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади.

Жаҳонда сув инқирози кучайиб бормоқда: сўнгги ўн йил ичида аҳоли жон бошига қайта тикланадиган сув ресурсларининг мавжудлиги глобал миқёсда яна 7 фоизга пасайди. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Марказий Осиё минтақаси 2015 йилдан буён бу кўрсаткич бўйича 12 фоиз йўқотиш билан дунёдаги энг юқори сув танқислигига учраётган ҳудудлардан бири бўлиб қолмоқда.
FAO'нинг AQUASTAT маълумотлар базаси янги таҳлилини эълон қилди. Унга кўра, ҳар йили табиий гидрологик цикл оқибатида янгиланадиган чучук сув ресурсларига босим бутун дунёда ўсиб бормоқда. Экспертлар сув тақчиллигини ўлчаш учун сув ресурсларига тушадиган юклама даражасини ифодаловчи «сув стресси» кўрсаткичидан фойдаланадилар. Бу кўрсаткич сув олиш ҳажмининг унинг захираларига нисбатидир.
Марказий Осиёдаги сув стрессининг асосий сабаби — сувдан фойдаланиш тузилмасидир: минтақада барча сув олиш ҳажмининг 82 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. 2022 йилда Марказий Осиёдаги сув стресси даражаси 70,2 фоизни ташкил этди. Таққослаш учун, Шимолий Африкада бу кўрсаткич 121 фоиз, Жанубий Осиёда эса 76,7 фоизга етган. Юқори стресс даражаси йиллик сув олиш табиий захира ҳажмига яқинлашаётгани ёки уни ошиб кетаётганини англатади, бу эса экотизимлар ва иқтисодиётларнинг барқарорлигига таҳдид солади.
Шу билан бирга, FAO Марказий Осиё минтақасида ресурсларни бошқаришда ижобий ўзгаришларни қайд этди. Хусусан, 2015 йилдаги 123 миллион метр кубдан 2022 йилга келиб умумий чучук сув олиш ҳажми 9 фоизга (112 миллион метр кубгача) қисқарган. Оқибатда, сув стресси даражаси ҳам 76,8 фоиздан 70,2 фоизга тушиб, 8,6 фоизга камайган.
Глобал миқёсда ҳам қишлоқ хўжалиги дунёдаги энг йирик сув истеъмолчиси бўлиб қолмоқда. FAOo сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш соҳасидаги яхшиланишлар, жумладан, Марказий Осиёда ҳам кузатилаётганини таъкидламоқда. Бироқ, аксарият қурғоқчил минтақалардаги юқори стресс даражаси узоқ муддатли мослашув ва барқарор бошқарув зарурлигини яна бир бор кўрсатади.




