«BMW» ЕИ билан муросага йўл изламоқда

26.02.2026 | 11:442 daqiqa

Компания Хитойда ишлаб чиқарилган «Mini» электромобилларига божлардан қочмоқчи.

«BMW» ЕИ билан муросага йўл изламоқда © Javhar Chorshanbiyeva

Германиянинг «BMW» автоконцерни Хитой заводларида йиғиладиган «Mini» брендига тегишли электромобиллар учун индивидуал импорт божларини бекор қилиш масаласида Европа комиссияси билан музокараларни бошлади. Томонлар амалдаги тариф тўсиқларига муқобил сифатида минимал нархлар модели жорий этиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 25 феврал куни «Reuters» хабар берди.

«Volkswagen»дан муваффақиятли прецедент

Музокаралар ҳақида Германиянинг «Handelsblatt» нашри ҳам икки хабардор манбага таяниб маълум қилган. Бу қадам бошқа бир европалик автогигант «Volkswagen Group»нинг муваффақиятидан кейин ташланяпти. Феврал ойи бошида унинг «SEAT/Cupra» бренди кўп ойлик музокаралардан сўнг «Tavascan» электр купе-кроссовери учун божлардан озод этилишга эришган эди.

Кутилишича, шунга ўхшаш келишувлар бошқа компаниялар томонидан ҳам тузилиши мумкин. Хусусан, хитойлик автомобил ишлаб чиқарувчилар ҳам ўз электромобилларини Европа бозорига етказиб беришда индивидуал имтиёзлар олиш йўлларини изламоқда. «BMW» расмий вакили матбуотдаги хабарларга изоҳ беришдан бош тортган, Европа комиссияси эса журналистлар сўровига тезкор жавоб бермаган.

Автомобил ишлаб чиқарувчисининг икки томонлама стратегияси ва божлар миқдори

Минимал импорт нархлари механизми бўйича музокаралар билан бир қаторда «BMW» ҳуқуқий воситалардан ҳам фойдаланмоқда. Немис концерни бир қатор бошқа автомобил компаниялари билан бирга Европа божларини суд тартибида ҳам баҳслашмоқда.

Хитойда ишлаб чиқарилган электромобиллар импортига чекловлар Европа Иттифоқи томонидан 2024 йил октябр ойи охирида жорий этилган эди. Бунгача Европа регуляторлари томонидан кенг кўламли анти-субсидия текшируви ўтказилган.

Хитойда «Mini Cooper» ва «Mini Aceman» электр моделларини ишлаб чиқарадиган «BMW» учун бож ставкаси 20,7 фоиз этиб белгиланган.

Teglar

Mavzuga oid