Бош прокуратурага айрим корхоналар ва уларнинг муаммоларини ўрганиш топширилди

13.02.2026 | 15:543 daqiqa

Экспертлар Ўзбекистондаги «корхона раҳбарларида корпоратив маданият етишмайди, харажатни қисқартириш, фойдани ошириш бўйича захира кўп», демоқда.

Бош прокуратурага айрим корхоналар ва уларнинг муаммоларини ўрганиш топширилди

Ўзбекистондаги стратегик корхоналарни «Ягона ғазначилик» ахборот тизими билан қамраб олиш, барча харидларни риск-таҳлил асосида «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратиб, самарасиз харажатларга бутунлай чек қўйиш муҳим. Бу ҳақда бугун, 13 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ўтказаётган тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда сўз очди.

Маълумки, 2025 йилда Миллий инвестиция жамғармаси ташкил қилиниб, дунёдаги нуфузли «Franklin Templeton» компанияси бошқарувига берилган. Ушбу компания бир йил давомида стратегик корхоналар фаолиятини таҳлил қилган. Экспертлар «корхона раҳбарларида корпоратив маданият етишмайди, харажатни қисқартириш, фойдани ошириш бўйича захира кўп», деган. Бунинг учун 19 та стратегик корхона раҳбари харид тизими, логистика, рақамлаштириш, энергия самарадорлик бўйича қаттиқ ишлаб, таннархни 10-20 фоизга қисқартириши кераклиги кўрсатиб ўтилган.

«Иқтисод қилиш режаси ишлаб чиқаришни камайтириш ёки қайсидир харажатни кейинроққа суриш ҳисобидан эмас, балки бир бирлик маҳсулот таннархини қисқартириш орқали таъминланиши шарт», – деди Президент.

Ҳокимларга ҳам саволлар кўп

Шунингдек, ҳудудий саноатни ривожлантириш бўйича вилоят, туман ҳокимларига ҳам саволлар кўплиги қайд этилди. Сўнгги уч йилда жами инвестициялар 1,8 баробарга кўпайган. Лекин айрим туманларда инвестициянинг саноатга таъсири кўринмаётгани танқид қилинган.

Масалан, Карманада инвестиция йилига 50 фоиздан ўсиб боргани билан саноати атиги 4 фоиз ошган. Хусусан, фаолият юритаётган 495 та корхонадан 470 тасида расмий ишчилари 5 нафарга ҳам етмайди, фаолият тўхтаган деб ҳисобот топширган 20 та корхона электр ва газдан ҳалигача фойдаланяпти.

Зафаробод туманида ҳам шу аҳвол. Инвестиция 4 баробар ўсган, лекин саноатда ўзгариш йўқ.

Умуман, уч йилда республика саноати 21 фоизга ўсган бўлса, Хатирчи, Кармана, Учқўрғон, Бағдод, Оққўрғон, Бўка, Узун, Жарқўрғон, Яккабоғ, Пайариқ, Мирзаобод ва Зафарободда бу кўрсаткич 10 фоизга ҳам етмаган.

Ушбу туманлар жойлашган вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига 12 та туманга бориб, бир ой шу ерда қолиб ишлаш, ишлаб чиқариш пасайган корхоналарни «оёққа турғазиш», ушбу туманлар саноатида бу йил ўсиш суръатини ошириш топширилди.

Кредит ошса ҳам, иқтисодий ўсиш кам

Жойларда тадбиркорликни ривожлантириш учун кредит ресурслари кўпайиб бормоқда. Лекин ҳокимлар бунинг иқтисодий ўсишга, иш ўрни ва бюджетга таъсирини ҳисоб-китоб қилмаяпти. Масалан, Тупроққалъа, Китоб, Яккабоғ ва Пахтачида ажратилган кредитлар камида 20 фоиз ошган бўлса, саноат ўсиши 3 фоиз ҳам бўлмаган.

Агар вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари мазкур корхоналарнинг муаммосини эшитиб, вақтида ечим топганида республика саноатида қўшимча 1 фоиз, ялпи ички маҳсулотда 0,1 фоиз ўсиш бўларди, бюджетга қўшимча 1 триллион сўм тушум тушарди.

Бош прокуратурага сўнгги уч йилда ишга тушган, лекин паст қувватда ишлаётган лойиҳаларни, ушбу корхоналар фаолиятига тўсқинлик қилаётган ҳар бир масалани бирма-бир ўрганиш топширилди.

Умуман, мутасаддиларга республика саноатини камида 8,5 фоизга ўстириш бўйича тармоқбай ва ҳудудбай режа тасдиқлаш вазифаси қўйилди.

Биринчи чорак якуни билан саноат корхоналарида нечта масала аниқланиб, қанчаси ҳал қилинганига қараб, иқтисодий комплекс, тармоқ раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг фаолиятига баҳо берилиши қайд этилди.

Teglar

Mavzuga oid