add

Британияда миллионлаб мусулмонлар фуқароликдан маҳрум этилиши мумкин

Bugun 13:557502 daqiqa

Британияда қабул қилинган қонунлар сабаб 9 млн нафар аҳоли, айниқса мусулмонлар, Ички ишлар вазирининг қарори билан фуқароликдан маҳрум этилиши мумкин.

Британияда миллионлаб мусулмонлар фуқароликдан маҳрум этилиши мумкин

Британияда эълон қилинган янги ҳисобот фуқароликдан маҳрум этиш ваколатларининг кенгайтирилиши миллионлаб мусулмонлар учун тизимли хавфга айланганини кўрсатди. «Runnymede Trust» жамғармаси ва «Reprieve» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти тайёрлаган ҳисоботга кўра, мамлакатда тахминан 9 млн киши ички ишлар вазирининг ихтиёрига кўра фуқароликдан маҳрум қилиниши мумкин бўлган ҳуқуқий ҳолатда турибди.

Бу кўрсаткич Буюк Британия аҳолисининг қарийб 13 фоизини ташкил этади. Ҳисобот муаллифлари ушбу ваколатлар айниқса мусулмонлар кўп яшайдиган жамоаларга нисбатан номутаносиб қўлланилаётганини таъкидламоқда. Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка келиб чиқишига эга аҳоли гуруҳлари энг кўп хавф остида экани қайд этилган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, агар шахс бошқа давлат фуқаролигини олиш имкониятига эга деб ҳисобланса, у билан ўша давлат ўртасида реал алоқа бўлмаса ҳам Британия фуқаролиги бекор қилиниши мумкин. Шу сабабли Покистон, Бангладеш, Сомали, Нигерия, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ билан боғлиқ шахслар энг хатарли гуруҳ сифатида кўрсатилган.

Ҳисоботга кўра, оқ танли бўлмаган ҳар 5 кишидан 3 нафари фуқароликдан маҳрум этилиш хавфи остида, бу кўрсаткич оқ танли британияликлар орасида эса атиги 20 кишидан 1 нафарни ташкил қилади. Муаллифлар бу ҳолатни «ирқлаштирилган фуқаролик иерархияси» деб атаган.

Сўнгги 20 йил ичида терроризмга қарши қонунлар доирасида фуқароликдан маҳрум этиш истисно чорасидан деярли оддий амалиётга айланган. 2010 йилдан буён 200 дан ортиқ киши «жамоат манфаати» баҳонаси билан фуқароликдан чиқарилган бўлиб, уларнинг аксарияти мусулмонлар экани қайд этилган.

2022 йилда қабул қилинган Фуқаролик ва чегаралар тўғрисидаги қонун эса шахсни хабардор қилмасдан туриб фуқароликни бекор қилиш имконини берди. Бу йилги қўшимча ўзгаришлар эса суд ноқонуний деб топган қарорларни ҳам ҳукумат апелляцияси якунланмагунча бекор қилишга йўл қўймаяпти.

Teglar

Mavzuga oid