add

Бугун Ўзбекистонда метан қуйиш шохобчалари тўлиқ суткалик режимга ўтиши ваъда қилинмоқда

Bugun 08:181 daqiqa

Ўзбекистонда 30 декабрдан барча метан қуйиш шохобчалари сутка давомида ишлай бошлаши, деярли уч ҳафта давом этган газ чекловлари бекор қилиниши ваъда қилинмоқда.

Бугун Ўзбекистонда метан қуйиш шохобчалари тўлиқ суткалик режимга ўтиши ваъда қилинмоқда

Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) одатий иш режимига қайтмоқда. Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, 30 декабр куни соат 09:00 дан бошлаб республика бўйлаб барча метан қуйиш шохобчалари тўлиқ 24 соатлик режимда фаолият юритади.

Вазирликybyu таъкидлашича, табиий газ етказиб бериш бўйича жорий этилган барча чекловлар бекор қилинган. Энди автотранспорт эгалари сутканинг исталган вақтида, шу жумладан тунги соатларда ҳам, навбатларсиз газ қуйдириш имконига эга бўлади.

АГТКШлар фаолияти тикланиши об-ҳавонинг кескин илиқлашиши фонида амалга оширилмоқда. «Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 29 декабр куни кундузги ҳарорат +13…+18 даражани ташкил этди. 30 декабрдан бошлаб ҳарорат пасайиши кутилмоқда, 31 декабр куни эса ҳаво +5…+10 даража атрофида бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 11 декабр куни Энергетика вазирлиги бутун мамлакат бўйлаб метан қуйиш шохобчалари иш фаолиятига чекловлар киритилганини эълон қилган эди. Бунга Туркманистон газ-транспорт тизимида юзага келган техник носозликлар сабаб газ импорти қисқаргани асос қилиб кўрсатилган.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг ўшанда изоҳ беришича, мазкур ҳолат туфайли суткасига тахминан 6 млн куб метр газ тақчиллиги вужудга келган. Айниқса, Фарғона водийсида муаммони юмшатиш учун мобил газ қуйиш станцияларини ишга тушириш режалаштирилган эди.

Teglar

Mavzuga oid

Бугун Ўзбекистонда метан қуйиш шохобчалари тўлиқ суткалик режимга ўтиши ваъда қилинмоқда | Vaqt.uz