add

Бурхонов самарқандлик амалдорларни ишдан бўшатиш ҳақида тақдимнома киритилганини айтди

Kecha 20:044 daqiqa

Иқтидорли ёшлар ўрнига фарзанди, жияни ва яқинларини хорижга юборган самарқандлик амалдорлар 28 млн сўмни бюджетга қайтарган.

Бурхонов самарқандлик амалдорларни ишдан бўшатиш ҳақида тақдимнома киритилганини айтди

Санкт-Петербургда ўтказилган “Алвон елканлар” битирувчилар байрамига самарқандлик иқтидорли ўқувчилар учун ажратилган саёҳат имконияти вилоят ММТБ ходимлари фарзандлари ўртасида тақсимлангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Бугун, 6 феврал куни Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан ўтказилган мажлисда агентлик раҳбари Акмал Бурхоновнинг маълум қилишича, Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мансабдор шахслари томонидан қонунбузарликка йўл қўйилган. Иқтидорли ёшлар ўрнига фарзанди, жияни ва яқинларини хорижга юборган самарқандлик амалдорлар 28 млн сўмни бюджетга қайтарган.

Антикоррупция агентлиги бу амалдорларни ишдан бўшатиш ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган.

Самарқандда нима бўлди?

Хўп, аввал бошда бу воқеадан хабардор бўлмаганлар учун қисқача изоҳ: Санкт-Петербург шаҳрида ҳар йили ўтадиган «Алые паруса» номли анъанавий битирув кечаси тадбири бор. Ўтган йили ўша тадбирга самарқандлик 14 нафар энг иқтидорли ўқувчи ва уларга раҳбарлик қиладиган бир нафар гуруҳ етакчиси таклиф этилган. Аммо шу иқтидорларни саралаб, ўша тадбирга юбориши керак бўлган Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Музаффар Ҳамдамов делегация таркибига ўз ўғли ва жиянини ҳам қўшиб юборган.

Биргина у эмас, ажратилган чипталарнинг айримлари бошқарма ходимларининг фарзандларига ҳам берилган. Яъни танлов энг муносиблар — айтганимдек, вилоятнинг турли соҳалардаги иқтидорли ўқувчилари ўртасида эмас, идора ичида ҳал қилинган. Жумладан, бошқарма давлат харидлари бўлими ходимининг ўғли, инсон ресурслари бўлими бош мутахассисининг ўғли ҳам «танланганлар» қаторида бўлган. Тасаввур қиляпсизми, ёшлар келажагига масъул инсонлар қилаяпти бу ишларни. 

Ҳамдамов ва бошқарма муносабати

Ишнинг миси чиқиб, у тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлар экан, кўплаб фикр етакчилари ва ижтимоий тармоқ фаоллари ҳолатни очиқ непотизм деб баҳолашди. Чунки бу ерда гап шунчаки саёҳат ҳақида эмас — болалар ҳақи, адолат ва тенг имкониятлар ҳақида кетаётган эди.

Кулгилиси, Музаффар Ҳамдамов ижтимоий тармоқларда масалага тўхталар экан, жумладан, ҳолат ҳақида биринчи бўлиб ёзган блогер Хайрулла Мамасолиевнинг пости остидаги изоҳида бу иш шунчалик катта гуноҳ эканини билмаганини ёзган. Яъни болалар ҳақига хиёнат қилинаётганини англаш учун ҳам раҳбар даражасидаги масъул шахсда етарли сезги бўлмаган.

Бошқарма матбуот хизматининг бироз ўтиб эълон қилган расмий муносабатида эса Россияга юбориш учун танлаб олинган айрим ўқувчиларнинг хорижга чиқиш паспорти бўлмагани, айрим ота-оналар эса фарзандларини Россияга юборишни истамаганини айтган. Натижада етарли номзод тўпланмагани қайд этилган.

Лекин жамоатчиликни бу расмий муносабатда қониқтирмаган жиҳат шундаки: 28 июнда бўлиб ўтган тадбирга таклифнома 15 майда келган. Наҳотки, бир ярим ой ичида муносиб болаларни излаб топиш имкони бўлмаган?

1200 дан зиёд мактаби бўлган Самарқанд вилоятида наҳотки 14 нафар муносиб ўқувчини топиш қийин бўлса, танлов бошқарма бошлиғининг ўғли, жияни ва бошқарма ходимларининг фарзандлари билан тугаган бўлса?!

Албатта, йўқ. Халқаро олимпиадаларда иштирок этган, хорижга чиқиш ҳужжатлари тайёр бўлган ўқувчилар Самарқандда кам эмас.

Модомики шундай экан, нега ўқувчиларни очиқ ва шаффоф саралаш механизми ишга туширилмаган? Нега эълон берилмаган? Агар ҳақиқатан ҳам номзодлар етишмаган бўлса, бу тарзда делегация тўплагандан кўра сафарни бекор қилиш мумкин эмасмиди? Ёки жойлар бўш қолган тақдирда ҳам «зое кетмасин, ўзимизникилар бора қолсин», деган тамойил ишга тушиши шартмиди?

Энг аламлиси — бу имконият аслида меҳнати, билими ва натижалари билан муносиб бўлган болаларга тегишли эди. Улар орасида ҳақиқатан ҳам халқаро майдонда мамлакат шаънини муносиб ҳимоя қила оладиган ўқувчилар бор эди. Токи Самарқандда мавжуд тизим уларни эмас, амалдорларнинг яқинларини танлаётган экан — демак, муаммо шахсий эмас, институционал тус олган.

Қолаверса, Россиядаги барча харажатларни мезбон томон — Санкт-Петербург шаҳри бюджети қоплаган. Ўзбекистон томони фақат авиачипталарни харид қилиши керак бўлган.

Самарқандлик журналист Фарҳод Норбўтаевнинг ёзишича, вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам, вилоят молия бош бошқармаси томонидан ҳам пул ажратилмаган. Бироқ вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг харажатлар сметасидан тахминан 96 миллион сўм Россиядаги битирув кечасига сарфланган.

Энг муҳим савол: агар Россия томони барча харажатларни қоплаган бўлса, нега 96 миллион сўм сарфланган? Бу маблағ қай тартибда ва кимнинг қарори билан ажратилган?

Teglar

Mavzuga oid