add

Буюк Британия интернетда фастфуд рекламасини тўлиқ тақиқлади

Kecha 08:182 daqiqa

Буюк Британияда 5 январдан фастфуд ва носоғлом озиқ-овқат рекламаси интернетда тўлиқ тақиқланди, телевизион эфирда эса фақат соат 21:00 дан кейинга рухсат берилди.

Буюк Британия интернетда фастфуд рекламасини тўлиқ тақиқлади

Буюк Британияда фастфуд ва соғлиқ учун зарарли озиқ-овқатлар реклама қилинишига янги қатъий чекловлар кучга кирди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлигининг маълум қилишича, 5 январдан бошлаб бундай маҳсулотлар интернетда умуман реклама қилинмайди, телевидениеда эса фақат соат 21:00 дан кейин эфирга узатилиши мумкин.

Ҳукумат ушбу чораларни болалар ва ўсмирларни нотўғри овқатланиш тарғиботидан ҳимоя қилиш, шунингдек, семизлик даражасини камайтириш мақсадида жорий этган. Расмий ҳисоб-китобларга кўра, чекловлар яқин йилларда ортиқча вазнга эга болалар сонини 20 минг нафарга қисқартиришга ва соғлиқни сақлаш харажатларини 2 млрд фунт стерлингга камайтиришга ёрдам беради.

Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мактабга илк бор бораётган болаларнинг 22 фоизи ортиқча вазнга эга. Мактабни тугатаётган ўқувчилар орасида эса бу кўрсаткич 35 фоиздан ошиб кетган. 5–9 ёшли болалар орасида шифохонага ётқизишнинг энг кенг тарқалган сабабларидан бири нотўғри овқатланиш билан боғлиқ тиш касалликлари ҳисобланади.

Давлат болалар семизлигига қарши кураш доирасида «соғлом овқатланиш стандарти»ни ҳам жорий этган. Маҳаллий ҳокимиятларга мактаблар яқинида фастфуд ошхоналарини очишни чеклаш ваколати берилди. Вазир Эшли Далтон таъкидлашича, реклама чекловлари ота-оналар ва болалар учун соғлом танловни осонлаштиради.

Шу билан бирга, 2018 йилдан амал қилаётган ширин ичимликлар акцизи эндиликда сутли коктейллар ва бошқа шакарли маҳсулотларга ҳам татбиқ этилади. Бундан ташқари, кофеин миқдори юқори бўлган энергетик ичимликларни 16 ёшгача бўлганларга сотиш тақиқланган, электрон сигареталар реклама қилиниши ва таъм қўшимчалари қўлланилиши ҳам чекланмоқда.

Аввалроқ Буюк Британияда миллионлаб мусулмонлар фуқароликдан маҳрум этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid