
Буюк Британия X тармоғини тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда
Лондон ҳукумати сунъий интеллект орқали яратилган ноқонуний тасвирлар сабаб X ижтимоий тармоғига нисбатан қатъий чоралар қўллашни муҳокама қилмоқда.

Буюк Британия ҳукумати X ижтимоий тармоғи фаолиятини чеклаш, ҳатто уни мамлакат ҳудудида тақиқлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бунга сабаб сифатида платформада сунъий интеллект ёрдамида яратилган ва қонун талабларига зид деб баҳоланаётган тасвирларнинг тарқалиши кўрсатилмоқда.
Daily Telegraph нашрининг ёзишича, муаммо xAI компанияси ишлаб чиққан Grok сунъий интеллект модели билан боғлиқ. У фойдаланувчилар сўровларига жавобан ахлоқ меъёрларига зид суратлар яратиб, улар X тармоғида жойлаштирилган. Бу ҳолат мамлакат қонунчилиги ва онлайн хавфсизлик қоидаларига зид экани таъкидланмоқда.
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Greatest Hits Radio радиостанциясига берган интервюсида ушбу масала юзасидан Ofcom медиарегуляторига вазиятни ўрганиш ва эҳтимолий чоралар бўйича таклифлар тайёрлаш топширилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, платформа ўз контенти учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олиши шарт.
«X вазиятни назоратга олиши керак. Бу нотўғри ва ноқонуний. Бунга чидаб туролмаймиз», — деди Стармер. У ҳукумат фуқаролар хавфсизлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш масаласида қатъий позицияда эканини алоҳида қайд этди.
Bloomberg агентлиги 3 январ куни Grok сунъий интеллект модели томонидан яратилган беҳаё тасвирлар ҳақида хабар берган эди. Мазкур маълумотлар ортидан жамоатчилик ва сиёсий доираларда X платформасига нисбатан назоратни кучайтириш зарурати янада ошди. Ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган, бироқ чеклов чоралари кун тартибидан тушмагани айтилмоқда.


