add

«Centrum Air» Тошкент–Ҳайдаробод йўналишида авиақатновларни йўлга қўяди

Kecha 21:001 daqiqa

Янги тўғридан тўғри рейслар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги авиақатнов ва сайёҳлик алоқаларини янада кенгайишига хизмат қилади.

«Centrum Air» Тошкент–Ҳайдаробод йўналишида авиақатновларни йўлга қўяди

Ўзбекистоннинг йирик хусусий авиакомпанияларидан бири — «Centrum Air» 2026 йилги ёзги мавсумдан бошлаб Ҳиндистон йўналишида парвозлар географиясини кенгайтиради. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 30 мартдан эътиборан авиакомпания Тошкент–Ҳайдаробод йўналиши бўйича тўғридан тўғри мунтазам рейсларни йўлга қўяди. Парвозлар «Airbus A320» ҳаво кемаларида ҳафтасига икки марта амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу йўналиш Ҳиндистоннинг йирик саноат ва технология марказларидан бири билан бевосита авиаалоқани таъминлайди.

Шу билан бирга, «Centrum Air» 29 мартдан бошлаб Тошкент–Деҳли йўналишидаги рейслар сонини ҳам оширади. Ҳозирги пайтда ҳафтасига икки марта амалга оширилаётган парвозлар сони учтага етказилиши кўзда тутилмоқда. Бу йўловчилар учун қулайликларни кенгайтириш ва талабни қондиришга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳаво қатновлари сезиларли даражада фаоллашди. Айни пайтда Тошкент шаҳрини Деҳли, Мумбай шаҳарлари ҳамда Гоа штати билан боғловчи жами 17 та ҳафталик рейс мавжуд. Ушбу йўналишларда «Uzbekistan Airways», «Centrum Air» ҳамда Ҳиндистоннинг «IndiGo» авиакомпанияси парвозларни таъминлаб келмоқда.

Маълумот ўрнида, 2025 йилда 80 мингдан ортиқ ҳиндистонлик сайёҳ Ўзбекистонга ташриф буюрган. 2026 йилда янги рейсларнинг очилиши натижасида сайёҳлар оқими янада ошиши ва туристик ҳамкорлик янги босқичга чиқиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid