add

«ChatGPT»да саломатликка оид алоҳида бўлим ишга туширилди

Kecha 16:392 daqiqa

«OpenAI»да фойдаланувчиларнинг тиббий саволларига жавоб беришга ихтисослашган янги «Health» бўлими очилди.

«ChatGPT»да саломатликка оид алоҳида бўлим ишга туширилди

«ChatGPT» чат-ботига саломатликка оид маълумотлар учун мўлжалланган «ChatGPT Health» бўлими қўшилди. Бу ҳақда OpenAI компанияси хабар берди. Янги бўлим фойдаланувчиларнинг соғлиқ билан боғлиқ саволлари ва кундалик тиббий масалаларини муҳокама қилиш учун алоҳида макон сифатида ишлайди.

Компанияга кўра, ушбу бўлим фойдаланувчининг шахсий соғлиқ маълумотлари билан «ChatGPT» интеллектуал имкониятларини бирлаштиради. «OpenAI» маълумотларига кўра, ҳар ҳафта 230 миллиондан ортиқ инсон тibbий муаммолар бўйича ChatGPT’га мурожаат қилади. «ChatGPT Health» айнан шу эҳтиёждан келиб чиқиб, хавфсиз ва қулай муҳит яратишга қаратилган.

Ушбу бўлим орқали касаллик тарихи билан ишлаш, таҳлил натижаларини кўриб чиқиш ва шифокор қабулига тайёргарлик кўриш мумкин. Шунингдек, бот машғулотларни режалаштириш, парҳез танлаш, тиббий суғурта турини аниқлаш каби масалаларда маслаҳат беради.

«ChatGPT Health» турли ташқи хизматлар билан интеграция имкониятига ҳам эга. Фойдаланувчилар «Apple Health», «MyFitnessPal» ва бошқа саломатлик платформаларини ушбу бўлимга улаши мумкин.

АҚШдаги фойдаланувчилар эса, хоҳишига кўра, тиббий карталарига нейрон тармоқнинг киришига рухсат бериб, янада шахсийлаштирилган ва аниқ жавоблар олиш имконига эга бўладилар. Шу билан бирга, OpenAI «ChatGPT Health» учун кучайтирилган махфийлик ва ахборотни ҳимоя қилиш чоралари жорий этилганини қайд этди.

Таъкидланишича, «ChatGPT Health» тиббий ёрдамни алмаштириш учун эмас, балки қўллаб-қувватловчи восита сифатида ишлаб чиқилган. У ташхис қўйиш ёки даволашга мўлжалланмаган бўлиб, фойдаланувчиларга кундалик соғлиқ масалаларини яхшироқ тушунишда ёрдам беради.

Ҳозирча «ChatGPT Health» бета версияси чекланган доирада, кутиш рўйхатидаги фойдаланувчилар учун очиқ. Яқин келажакда эса бу бўлим «ChatGPT»нинг веб версияси ва iOS иловасида барча фойдаланувчилар учун ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил ноябр ойи бошида «OpenAI» компанияси «ChatGPT»дан фойдаланиш қоидаларини янгилаб, унга шифокор ёки адвокат сифатида жавоб беришни тақиқлаганди. Компания чат-боти энди тиббий ёки ҳуқуқий масалалар бўйича фақат умумий маълумотлар беришини маълум қилган эди.

Маълумот ўрнида, 2025 йил 1 ноябр куни Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида «Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланганди.

Teglar

Mavzuga oid