Logo

Click бир йилда 376 млрд сўм соф фойда олди

Bugun 11:443 daqiqa

Ўзбекистоннинг йирик финтех компанияларидан бири бўлган Click 2025 йилни рекорд молиявий натижалар билан якунлади. Компаниянинг соф фойдаси бир йилда 27 фоизга ўсган.

Click бир йилда 376 млрд сўм соф фойда олди © click

Click финтех компанияси 2025 йил учун аудитдан ўтган молиявий ҳисоботини эълон қилди. Ҳужжатларга кўра, компания йил давомида 702,6 млрд сўм даромад олган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 186 млрд сўмга ёки 36 фоизга кўп.

Даромаднинг ўсиши компаниянинг фойдалилик кўрсаткичларида ҳам акс этган. 2025 йил якунига келиб соф фойда 375,8 млрд сўмни ташкил этди. Бу 2024 йилдаги натижадан 80 млрд сўмга ёки 27 фоизга юқори ҳисобланади.

Харажатлар ҳам ошди

Компания фаолияти кенгайиши билан бирга операцион харажатлар ҳам ўсган. Ходимлар учун қилинган сарф-харажатлар 88,6 млрд сўмдан 134 млрд сўмгача кўтарилди. Транзаксия харажатлари эса қарийб икки баробардан кўпроққа ошиб, 74 млрд сўмга етган.

Шу билан бирга, реклама харажатлари ўтган йилга нисбатан 3 фоизга қисқариб, 58 млрд сўмни ташкил қилган.

Компаниянинг умумий активлари йил давомида 203 млрд сўмга кўпайиб, 637 млрд сўмга етган. Активлар ўсишининг асосий манбаи тақсимланмаган фойданинг ошиши бўлган.

Хусусан, тақсимланмаган фойда бир йилда 265 млрд сўмга кўпайиб, 340 млрд сўмга етган. Шу билан бир вақтда мажбуриятлар 72 млрд сўмга қисқариб, 275,7 млрд сўмни ташкил этди.

Шунингдек, компания устав капиталини икки баробарга ошириб, уни Марказий банк томонидан тўлов ташкилотлари учун белгиланган минимал талаб — 20 млрд сўм даражасига етказган.

Click 2025 йилда давлат бюджетига 7 млрд 354 млн сўм даромад солиғи тўлаган. Таққослаш учун, 2024 йилда мазкур кўрсаткич атиги 837 млн сўм бўлган.

Маълумот учун, 2026 йилнинг I чорагида ҳам Click'нинг молиявий натижалари ижобий бўлган. Уч ой давомида компаниянинг фойдаси 7,4 фоизга ошиб, 78,6 млрд сўмни ташкил қилган. Даромади эса 23,4 фоизга анча кўпроқ ўсиб, 209,4 млрд сўм бўлган.

Шунингдек, Click 2026 йил 18 май куни акциядорлари йиғилишини ўтказган. Йиғилишда компаниянинг 78,6 млрд сўмлик сақланиб қолган фойдасини тақсимлаш масаласи кўриб чиқилган ва фойданинг 52,58 млрд сўми дивиденд тўловларига йўналтирилиши белгиланган.

Бу ҳар бир муомаладаги акция учун 2 629,06 сўмдан дивиденд тўланишини англатади. Фоиз ҳисобида 1 дона акция учун +262,9 фоиз дивиденд тўланмоқда. 

Дивидендлар 18 майдан бошлаб 16 июлгача бўлган муддатда Марказий қимматли қоғозлар депозитарийси ёки инвестиция воситачилари орқали нақд пул шаклида тўлаб берилади. Қолган 26,04 млрд сўм эса ҳозирча тақсимланмаган фойда сифатида қолдирилади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 23 июл ойида «Halyk Bank» Click'нинг 49 фоиз акциясини 176,4 млн АҚШ долларига сотиб олиш бўйича келишувга эришганди. Шу билан бирга, Click акциядорлари банкнинг Ўзбекистондаги шуъба корхонаси — «Tenge Bank» акцияларининг 49 фоизини 60,76 млн долларга харид қилиши керак эди. Томонлар ўз юридик мустақиллигини сақлаб қолган ҳолда яқин ҳамкорлик қилишни режалаштирган. Келишув ҳақидаги расмий маълумот ҳатто Лондон фонд биржаси орқали эълон қилиниб, унинг халқаро аҳамиятини янада оширганди. 

Ушбу келишувнинг амалга ошиши икки давлат — Ўзбекистон ва Қозоғистон регуляторларининг рухсатига боғлиқ бўлган. 2025 йил 29-сентабрда Қозоғистон молия бозорини тартибга солиш агентлиги «Halyk Bank»га Click’нинг 49 фоиз улушини сотиб олишга рухсат бергани маълум қилинган.

Шундан сўнг Click ҳам Ўзбекистон Марказий банкидан рухсат олиш учун мурожаат қилган. Бироқ регулятор томонидан розилик берилмаган.

Натижада, «Halyk Bank» маълумотига кўра, томонлар ўртасидаги келишув муддати 2025 йил 31 декабрда тугаган. Белгиланган вақт ичида барча ҳужжатлар имзоланмаган ва битим якунланмаган.

Эътиборли жиҳати, бу ҳолат Click учун биринчи марта эмас. Компания 2023 йил ўрталарида Uzum билан бирлашиш режасини ҳам эълон қилган, бироқ ўша келишув ҳам Рақобат қўмитаси розилигини ололмагани сабаб амалга ошмаган.

Teglar

Mavzuga oid