
Давлат фуқаролик хизматчилари ҳар йили тиббий кўрикдан ўтади
2026 йилдан давлат фуқаролик хизматчилари учун мажбурий профилактик тиббий кўрик тизими жорий этилиши мумкин.

Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматчиларини профилактик тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини белгилайдиган янги низом лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжатга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчилари йилда камида бир марта тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлади. Мазкур тартиб 2026 йил 1 январдан кучга кириши режалаштирилган.
Низом лойиҳасига кўра, тиббий кўрик давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимларни қамраб олади. Бироқ тиббий кўрикдан ўтказишнинг алоҳида тартиби белгиланган айрим тоифадаги ходимларга нисбатан ушбу қоидалар қўлланилмайди. Шунингдек, идоравий тиббиёт муассасалари орқали хизмат кўрсатиладиган давлат органлари ходимлари ҳам мазкур низом доирасидан чиқарилган.
Шунингдек, ходимлар ўзлари бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида профилактик ва скрининг дастурлари асосида тиббий кўрикдан ўтади. Кўрик жараёнлари оилавий шифокорлар ҳамда тор ихтисосликдаги мутахассислар томонидан амалга оширилади.
Тиббий кўрик кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмлари доирасида бепул ўтказилади. Агар айрим тиббий хизматлар кафолатланган пакетга кирмаса, улар белгиланган тартибда пулли асосда кўрсатилиши мумкин. Бу амалиёт давлат хизматчилари саломатлигини тизимли назорат қилишга қаратилган.
Қайд этилишича, иш берувчи ҳар календар йилининг 1 февралига қадар касаба уюшмаси қўмитаси билан биргаликда тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимлар рўйхатини шакллантириб, тиббиёт бирлашмаларига тақдим этади. Тиббиёт муассасалари эса 10 февралга қадар календар режани тасдиқлаб, кўрикларни, одатда, йилнинг биринчи ярмида ўтказади.
Кўрик иш вақти давомида амалга оширилади ва бу даврда ходимнинг лавозими ҳамда иш ҳақи сақланади. Кўрик натижалари Электрон соғлиқни сақлаш ахборот тизимида электрон тиббий картага киритилиб, автоматик тарзда hrm.argos.uz платформасидаги шахсий йиғма жилдга юборилади. Низомда тиббий кўрик сифати учун тиббиёт муассасаси раҳбари, ходимларни ўз вақтида кўрикдан ўтишини таъминлаш учун эса иш берувчи жавобгар этиб белгиланган.





