
Даволаниш учун Ўзбекистонга келган хорижликлар сони 86 мингдан ошди
2025 йилда мамлакатга тиббий туризм оқими ўсиб, қайси давлатлардан даволанишга келганлар сони кўплиги маълум бўлди.

2025 йил давомида Ўзбекистонга даволаниш мақсадида келган хорижий фуқаролар сони 86 199 нафарни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси расмий маълумотларида келтирилган.
Қўшни давлатлар ҳиссаси
Статистикага кўра, даволаниш учун Ўзбекистонга келган хорижий фуқароларнинг катта қисми қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, Тожикистондан 59 145 нафар фуқаро тиббий хизматлардан фойдаланиш мақсадида мамлакатга кириб келган. Бу умумий оқимнинг мутлақ кўпчилигини ташкил этади.
Иккинчи ўринда Қирғизистон жойлашиб, ушбу давлатдан 15 631 нафар бемор Ўзбекистонда даволанган. Қозоғистондан келганлар сони эса 8 224 нафарни ташкил этган. Шу жумладан, Афғонистондан 914 нафар ва Туркманистондан 224 нафар фуқаро Ўзбекистон тиббий муассасаларида даволанган.
Бошқа мамлакатлар улуши
Қўшни мамлакатлардан ташқари, бошқа давлатлардан ҳам даволаниш учун келувчилар қайд этилган. Хусусан, Россиядан 1 899 нафар фуқаро Ўзбекистон тиббий муассасаларига мурожаат қилган.
Шу билан бирга, Туркиядан 47 нафар, АҚШдан 16 нафар, Хитойдан 15 нафар ва Озарбайжондан 11 нафар фуқаро даволаниш мақсадида келган. Бошқа давлатлар ҳиссасига жами 73 нафар тўғри келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонга даволаниш мақсадида жами 80 минг 653 нафар хорижий фуқаро ташриф буюргани ҳақида хабар бергандик.





