add

80 мингдан ортиқ хорижлик Ўзбекистонга даволаниш учун келди

Кеча 14:251 дақиқа

2025 йилда мамлакатга даволаниш мақсадида келганлар орасида АҚШ, Туркия ва Хитой каби давлат фуқаролари ҳам борлиги маълум қилинди.

80 мингдан ортиқ хорижлик Ўзбекистонга даволаниш учун келди

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонга даволаниш мақсадида жами 80 минг 653 нафар хорижий фуқаро ташриф буюрди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Маълумотларга кўра, даволаниш учун келган хорижликларнинг катта қисми қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, ушбу даврда Тожикистондан 55 минг 851 нафар, Қирғизистондан 14 минг 296 нафар ва Қозоғистондан 7 минг 633 нафар фуқаро Ўзбекистонда тиббий хизматлардан фойдаланган.

Шунингдек, Россиядан 1 минг 820 нафар, Афғонистондан 678 нафар ва Туркманистондан 219 нафар фуқаро даволаниш учун келгани қайд этилди. Бу рақамлар минтақавий тиббий ҳамкорликнинг барқарор ривожланаётганини кўрсатади.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон тиббий хизматларидан фойдаланганлар орасида ривожланган мамлакатлар фуқаролари бор. Хусусан, Туркиядан 47 нафар, АҚШдан 15 нафар ва Хитойдан 15 нафар фуқаро мамлакатга даволаниш мақсадида ташриф буюрган.

Шунингдек, Озарбайжондан эса 10 нафар фуқаро қайд этилган. Бундан ташқари, қолган 69 нафар бемор бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Аввалроқ «Ўзбекистон-2030» стратегияси лойиҳасида тиббиёт муассасаларини тўлиқ рақамлаштириш ва соҳада 20 та сунъий интеллект лойиҳасини ишга туширишни режалаштирилгани ҳақида хабар бергандик.

Маълумот учун, 2025 йилда Ўзбекистонда сунъий интеллект ёрдамида бажарилаётган тиббий амалиёт турлари 43 тага етказилган.

Теглар

Мавзуга оид