«Де-юре бор, аммо де-факто энди мавжуд эмас». Кремл халқаро ҳуқуқ «амалда йўқ бўлганини» билдирди
Песков «инсоният тарихида бундан ҳам баттар воқеалар бўлган»ини айтди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков дунёда халқаро ҳуқуқ мавжуд бўлмай қолганини айтди. Бу ҳақда у россиялик журналист Павел Зарубинга берган интервюсида тўхталиб ўтди. Уларнинг суҳбатидан парчалар 8-март куни «Вести» телеграм-каналида эълон қилинди.
«Афсуски, биз ҳаммамиз халқаро ҳуқуқ деб атайдиган нарсадан маҳрум бўлдик. Ростини айтсам, ҳозир кимнидир халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларига амал қилишга қандай чақиришни ҳам тушунмаяпман. У амалда энди йўқ. Де-юре у бор, аммо де-факто энди мавжуд эмас», - деди Песков.
Унинг фикрича, ҳеч ким йўқолган халқаро ҳуқуқ ўрнига қандай ҳуқуқ келганини аниқ ифодалаб бера олмайди.
«Бу мавзуда фақат сиёсатшунослик нуқтаи назаридан мулоҳаза юритиш мумкин, бироқ аниқ таърифни ҳеч ким бера олмайди», — деди у.
Бу дунё яшаб қола оладими?
Зарубиннинг «биз энди қандай дунёда яшаяпмиз ва бу дунё яшаб қола оладими?» деган саволига жавоб берар экан, Песков «инсоният тарихида бундан ҳам баттар воқеалар бўлган» деб айтди.
Журналист авваллари бунчалик қудратли қуроллар бўлмаганини таъкидлаганида, Кремл вакили: «Биз сиз билан у пайтда яшамаганмиз, шунинг учун бизга ҳозир қиёмат бўлаётгандек туюляпти», - деди.
Халқаро ҳуқуқ бўйича экспертлар АҚШнинг январ ойида Каракасда ўтказган операциясини ва Венесуэла етакчиси Николас Мадуронинг қўлга олинишини ноқонуний деб ҳисоблашди. Шундан сўнг АҚШ президенти Доналд Трамп унга халқаро ҳуқуқ керак эмаслигини айтди: «Битта чеклов бор. Менинг шахсий ахлоқим. Менинг шахсий ақлим. Бу мени тўхтатиб қолиши мумкин бўлган ягона нарса». Трамп маъмурияти эса дунё «куч, мажбурлаш ва ҳокимият орқали бошқарилади» деб баёнот берди.





