Logo

Доллар билан энди нима бўлади?

Bugun 22:105 daqiqa

Доллар курси 9 сентябрь учун 23,88 сўмга кўтарилиб, 11 813,21 сўм қилиб белгиланди. Бироқ у ҳамон 2023 йил августидан бери энг паст даража атрофида юрибди. Бу доллар «синди» ёки энди доимий арзонлашади, дегани эмас.

Доллар билан энди нима бўлади? © Foto: Bloomberg

Доллар курси бир неча ҳафтадан бери 11 800 сўм атрофида юрибди. Марказий банк 9 сентябрь учун расмий курсни 11 813,21 сўм этиб белгилади. Бу аввалги кунга нисбатан 23,88 сўмга кўп.

Шунга қарамай, доллар йил бошидан бери 191,2 сўмга ёки қарийб 1,6 фоизга арзонлаган.

Айрим оммавий каналлар эса вазиятни одатдагидек бўрттириб, «Даҳшат!», «Доллар синиб кетди!», «Доллар олманг!» каби хабарларни тарқатмоқда.

Бундай сарлавҳалар вазиятни тушунтирмайди. Аксинча, фақат одамларни ваҳимага солиши мумкин.

Келинг, доллар нега тушгани ва энди нима бўлиши мумкинлигини оддий қилиб кўриб чиқамиз.

Доллар қандай шаклланади?

Аввало, 11 800 сўм доллар учун белгиланган махсус чегара эмас. Бу шунчаки одамлар эътибор берадиган рақам.

Ўзбекистонда доллар курси валюта биржасидаги талаб ва таклиф асосида шаклланади. Шунинг учун курс маълум бир рақамга етгач автоматик равишда тўхтаб қолмайди.

Доллар 26 августда 11 778,52 сўмгача тушиб, 2023 йил 10 августдан бери энг паст даражани қайд этганди. 9 сентябрга келиб курс 11 813,21 сўмни ташкил қилди. Яъни доллар энг паст нуқтадан 34,69 сўмга кўтарилган.

Бундан ташқари, июль ойининг ўзида курс 11 910 сўмдан пастга тушиб, кейин 12 101 сўмгача кўтарилганди. Демак, курс бир томонга тўхтовсиз ҳаракатланаётгани йўқ.

Августда сўм долларга нисбатан 1,7 фоизга мустаҳкамланди. Шу ойнинг ўзида кузатилган 39 та валютанинг 25 таси ҳам долларга нисбатан қимматлаган. Демак, жараённинг бир қисми долларнинг жаҳон бозорида заифлашиши билан ҳам боғлиқ.

Бироқ Ўзбекистонда курснинг тушишига ички омиллар ҳам кучли таъсир қилмоқда.

Нега доллар тушди?

Марказий банк долларнинг сўнгги тушишини битта аниқ сабаб билан изоҳлагани йўқ. Лекин валюта бозоридаги рақамлар вазият ҳақида етарлича тасаввур беради.

1

2026 йилнинг январь—июль ойларида чет эл валютасига талаб 17,7 фоизга ошиб, 38,2 млрд долларга етган. Валюта таклифи эса 28 фоизга ўсиб, 33 млрд долларни ташкил қилган.

Яъни долларга талаб ошган. Лекин мамлакатда сотувга чиқарилаётган доллар ундан ҳам тезроқ кўпайган.

Шу сабабли талаб ва таклиф ўртасидаги фарқ 6,7 млрд доллардан 5,2 млрд долларга қисқарган. Марказий банк маълумотига кўра, жисмоний шахслар етти ойда банкларга 14,6 млрд доллар сотган ва 8,2 млрд доллар сотиб олган.

Оддий қилиб айтганда, аҳоли сотиб олганидан 6,4 млрд доллар кўпроқ валюта сотган.

Пул ўтказмалари ҳам ошган. Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга 9,3 млрд доллар келиб тушган. Бу ўтган йилга нисбатан 13 фоиз кўп. Мамлакатдан ташқарига эса 1,3 млрд доллар ўтказилган.

Натижада пул ўтказмалари орқали мамлакатга соф ҳисобда қарийб 8 млрд доллар кириб келган. Бу ҳам ички бозорда доллар таклифини кўпайтирган.

Қисқаси, ҳозир мамлакатга доллар кўпроқ киряпти. Таклиф талабдан тезроқ ўсгани учун доллар арзонлашмоқда.

Доллар энди фақат тушадими?

Йўқ.

9 сентябрь учун курснинг 23,88 сўмга кўтарилгани ҳам валюта нархи икки томонга ҳаракатланиши мумкинлигини кўрсатади. Бироқ бир кунлик ўсиш доллар энди яна мунтазам қимматлашади, дегани ҳам эмас.

Валюта курсига фақат пул ўтказмалари эмас, импорт, экспорт, олтин нархи, ташқи қарз тўловлари ва йирик компанияларнинг валютага талаби ҳам таъсир қилади.

2

Айниқса, импорт тез ўсмоқда.

2026 йилнинг январь—июль ойларида Ўзбекистон экспорти 3,6 фоизга камайиб, 19,9 млрд доллар бўлган. Импорт эса 17,8 фоизга ўсиб, 29,6 млрд долларга етган. Натижада ташқи савдо тақчиллиги 9,7 млрд долларни ташкил қилган.

Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 2,2 баравар кўп. Шу билан бирга, олтинсиз товарлар экспорти 27,7 фоизга ўсганини ҳам унутмаслик керак. Яъни ташқи савдода ижобий ва салбий жараёнлар бир вақтнинг ўзида кетмоқда.

Импортнинг ўсиши долларга талабни оширади. Агар пул ўтказмалари секинлашса, экспорт тушумлари камайса ёки импорт яна тезлашса, валютага талаб таклифга етиб олиши мумкин.

Бундай ҳолатда доллар яна қимматлашади.

Лекин бу эртага курс кескин сакрайди, дегани эмас. Ҳозирги рақамлар яқин даврда долларнинг фақат тушиши ёки кескин кўтарилишидан кўра, маълум оралиқда тебраниб туриши эҳтимоли юқорироқлигини кўрсатмоқда.

Доллар яна 12 мингдан ошадими?

Ошиши мумкин. Ҳозирги курс 12 минг сўмлик даражадан атиги 186,79 сўм ёки 1,6 фоиз паст.

Лекин доллар қачон ва қанчага кўтарилишини ҳозир аниқ айтиб бўлмайди.

Таққослаш учун, доллар 2025 йил 14 февралда 13 003,95 сўмга чиқиб, тарихий чўққисини қайд этганди. Ҳозирги курс бу кўрсаткичдан 1 190,74 сўм ёки 9,2 фоиз паст.

3

Vaqt.uz ҳукуматнинг Фискал стратегияси ва аҳоли сони бўйича прогнозлар асосида долларнинг ўртача курсини ҳисоблаб чиққанди.

Ҳисоб-китобларга кўра, ўртача доллар курси 2026 йилда 12,16 минг сўм, 2027 йилда 12,29 минг сўм, 2028 йилда 12,61 минг сўм ва 2029 йилда 12,8 минг сўм атрофида бўлиши мумкин.

Бу рақамлар сўм келгуси йилларда аста-секин қадрсизланиши мумкинлигини кўрсатади. Бироқ 12,16 минг сўм — 2026 йил охиридаги курс эмас. Бу йил давомидаги ўртача кўрсаткич. Курс айрим кунлари ундан паст ёки юқори бўлиши мумкин.

Қолаверса, ҳисоб-китоб ҳукуматнинг иқтисодий ва демографик прогнозларига таянади. Импорт, экспорт, пул ўтказмалари, олтин нархи ёки ташқи иқтисодий вазият ўзгарса, амалдаги курс ҳам ҳисоб-китобдан фарқ қилиши мумкин.

Шунинг учун ҳозир «доллар энди фақат тушади» дейиш ҳам, «эртага кескин кўтарилади» дейиш ҳам асосли эмас.

Доллар олиш керакми?

Бу саволнинг жавоби пулни нима учун жамғараётганингизга боғлиқ.

Агар келажакдаги харажатингиз долларда бўлса — масалан, чет элда ўқиш, саёҳат ёки импорт товарини харид қилиш режаси бўлса — долларни қисмларга бўлиб олиш мумкин. Бу энг паст курсни топишга уринишдан хавфсизроқ.

Агар харажатларингиз сўмда бўлса, бор пулни долларга айлантириш кўпинча тўғри қарор эмас.

Марказий банк маълумотига кўра, 2026 йил июнида аҳоли учун сўмдаги муддатли омонатларнинг ўртача йиллик ставкаси 19,2 фоизни ташкил қилган. Доллар эса йил бошидан бери сўмга нисбатан қарийб 1,6 фоизга арзонлаган.

Албатта, йиллик омонат ставкасини долларнинг саккиз ойлик ўзгариши билан тўғридан-тўғри солиштириб бўлмайди. Лекин бу рақамлар нақд долларни уйда сақлаш ҳозирча жамғарма учун зарарга ишлаётганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, «умуман долларда пул сақламанг» деган маслаҳат ҳам тўғри эмас. Жамғарманинг ҳаммасини битта валютада сақлаш ўрнига, уни мақсад ва муддатга қараб бўлиб қўйиш тўғрироқ.

Ҳозир сўмни пул ўтказмалари ва валюта таклифининг тез ўсиши қўллаб турибди. Импортнинг ўсиши эса қарши босимни кучайтирмоқда.

Қайси томон устун келса, курс ўша томонга ҳаракат қилади.

Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 300

Barchasi

Mavzuga oid

Доллар билан энди нима бўлади? | Vaqt.uz