Доллар ўсмоқда: инвесторлар энергетик инқироз хавфига жавоб қайтармоқда
Нефт нархининг жадал ўсиши инвесторларни нақд пулга «паноҳ» излашга мажбур қилди.

Бугун, 9-март куни доллар кескин қимматлашди. Нефт нархининг жадал ўсиши инвесторларни нақд пулга «паноҳ» излашга мажбур қилди, чунки Яқин Шарқдаги узоқ давом этиши мумкин бўлган уруш энергия ресурслари таъминотини жиддий издан чиқариши ва жаҳон иқтисодий ўсишига зарар етказиши мумкин. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
Доллар билан нима бўляпти?
Осиё бозорларида доллар қарийб 159 иенага етди ва 0,4 фоизга ўсиб, 158,47 даражасига чиқди. Жанубий Корея вонига нисбатан эса доллар 0,26 фоизга кўтарилиб, 1485,50 га етди (сессия давомида аввал 1 фоизга ўсган).
Швейцария франкига нисбатан доллар 0,43 фоизга ўсиб, 0,7795 даражасига чиқди. Австралия ва Янги Зеландия долларлари аввалги йўқотишларини қисман камайтирди, аммо барибир мос равишда 0,35 фоиз ва 0,1 фоизга паст даражада савдо қилинмоқда.
Евро 0,6 фоизга пасайиб, 1,1548 долларгача тушди ва сессия бошида 3,5 ойлик минимумни қайд этди. Британия фунти стерлинги эса 0,7 фоизга арзонлашиб, 1,3333 доллар даражасига тушди.
Таҳлилчилар нима демоқда?
«АҚШ доллари анъанавий омиллар ва Америка Қўшма Штатларининг энергияни соф экспорт қилувчи давлат экани туфайли қўллаб-қувватланмоқда. Бу ҳолат Европадаги кўплаб мамлакатлардан кескин фарқ қилади», – дейди «National Australia Bank» валюталар стратегияси бўлими раҳбари Рэй Аттрилл.
Бугун бозорлардаги кенг кўламли пасайиш инвесторларнинг оммавий актив сотишига сабаб бўлди. Акциялар, облигациялар ва қимматбаҳо металлар тушди, чунки инвесторлар нефт нархи ўсишининг инфляция ва иқтисодий ўсишга таъсиридан хавотирланиб, хавфли активлардан чиқишни бошлади.
«Бу қанча узоқ давом этса, зарар шунча катта бўлади ва домино эффектига ўхшайди. Ҳозир нефть бозори айнан шуни кўрсатмоқда – ўтган ҳафтагача бозорда вазият у қадар ёмон бўлмаслиги мумкин деган айрим иллюзиялар бор эди», – дейди «Rabobank» катта глобал стратеги Майкл Эврий.





