
Дунё ядровий «тормоз»сиз қолмоқда: АҚШ–Россия ўртасидаги келишув тугашига 3 кун қолди
Совуқ уруш давридан бери Вашингтон ва Москвани ўзаро тийиб турган сўнгги ядровий шартнома бир неча кундан сўнг ўз кучини йўқотади.

Совуқ уруш давридан бери Вашингтон ва Москва ўртасида ўнлаб йиллар давомида тузиб келинган келишувлардан сўнг, охирги ядровий шартнома — New START (СНТ-3)нинг амал қилиш муддати 5 феврал оқшомида ниҳоясига етади. Бу эса дунёнинг икки йирик ядровий давлати учун қўйилган чекловларнинг олиб ташланишини англатади, деб хабар бермоқда Financial Times.
New START шартномасининг якунланиши
Мазкур шартнома ядровий жанговар каллаклар сонини (максимал 1550 дона) ва уларни етказиб бериш воситаларини (максимал 700 дона) чеклар, шунингдек, шаффофликни (кимда қанча қурол борлиги ва улар қаерда жойлашгани ҳақида маълумот алмашишни) таъминлар эди.
Шу тариқа, 1970 йиллардан буён илк бор икки энг йирик ядровий давлат ўртасида ядровий қуролларни қисқартириш бўйича бирорта ҳам амалдаги шартнома қолмайди.
Сўнгги ядровий чекловларнинг бекор бўлиши
«Агар сўнгги дақиқаларда бирор ўзгариш юз бермаса, дунёда ядро қуролини жойлаштиришни чекловчи сўнгги шартнома ҳам ўз кучини йўқотади», — деб ёзади нашр.
Шартнома муддатининг тугаши АҚШ президенти Дональд Трампнинг «Аввало Америка» шиори остида Қўшма Штатларни чекловчи халқаро келишувларни бекор қилаётган даврига тўғри келмоқда. Бироқ New START борасида келишувни қайта тиклаш билан боғлиқ муаммо мафкуравий қарашлардан кўра кўпроқ сусткашлик билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Шартномани узайтириш борасидаги позициялар
Россия президенти Владимир Путин ўтган йилнинг сентабр ойида New START шартномасининг амал қилиш муддатини бир йилга узайтиришни таклиф қилган эди.
Кейинчалик, журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, АҚШ президенти Доналд Трамп шартномани узайтириш «яхши ғоя бўлиб туюлаётганини» айтган, аммо ўшандан бери ушбу масала бўйича бирор жиддий баёнот берилмади.





