Дуров «Telegram» секинлаштирилиши ортидан Россияни Эронга таққослади
Telegram асосчиси Павел Дуров Россияда мессенжер чекланиши ортида фуқароларни давлат назоратидаги «MAX» иловасига ўтказиш уриниши турганини айтди.

«Telegram» мессенжери асосчиси Павел Дуров Россия ҳукуматининг мессенжер ишини чеклаш ҳаракатларини очиқ танқид қилди. Унинг таъкидлашича, расмийлар «Telegram»ни секинлаштириш орқали россияликларни давлат назоратидаги «MAX» иловасидан фойдаланишга мажбурлашга уринаётган сценарийни қўллаяпти.
«Россия ўз фуқароларини кузатув ва сиёсий цензура учун яратилган давлат назоратидаги иловадан фойдаланишга мажбурлаш учун «Telegram»га киришни чекламоқда. 8 йил аввал Эрон ҳам худди шуни қилган ва муваффақиятсизликка учраган», — деб ёзди Дуров ўзининг Телеграм каналида.
Унинг сўзларига кўра, Эрон «Telegram»ни «сунъий баҳоналар» билан тақиқлаб, аҳолини давлатга қарашли муқобил иловаларга ўтказишга ҳаракат қилган. Аммо бу режа ишламаган ва эронликлар блокировкага қарамай «Telegram»дан фойдаланишда давом этган.
Россияда чекловлар кучаймоқда
РБК манбаларига кўра, 10 феврал куни Россия ҳудудида «Telegram»нинг «қисман чекланиши» бошланган. Бир кун аввал — 9 февралдан эътиборан мамлакатнинг ўнлаб ҳудудларида фойдаланувчилар мессенжер ишида жиддий узилишлар ҳақида шикоят қила бошлади.
Муаммолар, асосан, хабар юбориш, расм ва видеоларни юклаш билан боғлиқ бўлган. Бу ҳолат «Telegram»га нисбатан техник чекловлар босқичма-босқич кучайиб бораётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, расмийлар чекловларнинг аниқ сабаблари ҳақида очиқ баёнот бермаган. Бироқ давлат идоралари томонидан «қонунчилик талаблари» ва «ахборот хавфсизлиги» мавзулари тез-тез тилга олинаётгани кузатилмоқда.
«MAX» мессенжери ва махфийлик хавфлари
«Telegram» атрофидаги вазият фонида Россия ҳукумат идоралари «MAX» давлат мессенжерини фаол тарғиб қилмоқда. Давлат думаси депутати Андрей Свинцов «Осторожно, Новости»га берган интервюсида, олти ой ичида «Telegram»ни тўлиқ блоклаш масаласи ҳал қилиниши мумкинлигини айтди. У компанияни «Россия қонунларига ҳурматсизлик» ва солиқ тўламасликда айблади.
Бироқ мутахассислар «MAX»нинг хавфсизлигига жиддий шубҳа билан қарамоқда. «Интернетни ҳимоя қилиш жамияти» директори Михаил Климарев таъкидлашича, «MAX» махфийлик сиёсати фойдаланувчи маълумотларини куч тузилмаларига узатиш имконини беради.
«GitHub» мутахассислари таҳлилига кўра, илова тизим жараёнлари, геолокация, аудио ва видеони ёзиш каби кенг ҳуқуқларга эга. Дуров эса бундай ёндашувни «эркинликка таҳдид» деб атаб, «Telegram» сўз эркинлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя қилишда давом этишини билдирди.





