Электр таъминотидаги узилишлар ҳақида нега олдиндан SMS юборилмаслиги сабаблари маълум қилинди
Энергетика вазирлигига кўра, электр энергияси таъминотидаги узилишлар бўйича аҳолига олдиндан СМС-хабарнома юбориш тизими катта маблағ талаб қилиши ва фуқаролар телефон рақамларини тез-тез ўзгартириши сабабли амалиётда ўзини оқламаяпти.
© SI asosida yaratilganЭлектр таъминотида узилишлар бўлиши ҳақида фуқароларга олдиндан SMS-хабарнома юбориш амалиёти жорий қилинмайди, чунки бу қўшимча молиявий харажат талаб қилади ва бевосита электр энергияси таннархи ошишига олиб келади. Бу ҳақда «Ҳуқуқий нигоҳ» кўрсатувида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ масъул ходими Малика Расулова маълум қилди.
SMS-хабарномалар ва таннарх масаласи
Фавқулодда бўлмаган ҳолатлардаги узилишлар ҳақида нега аҳоли олдиндан огоҳлантирилмаслигига изоҳ берилди. Вазирлик мутахассисларининг таъкидлашича, бу жараён катта маблағга бориб тақалади.
«Ҳар бир SMS хабарнома бизда пул туради. Агар биз эртага SMS хабарномани қўшадиган бўлсак, бу яна электр энергияси ва табиий газнинг таннархига бориб ўтирадиган харажат бўлиб қолади», — деди Энергетика вазирлиги бош мутахассиси.
Шунингдек, ҳозирги кунда тизимда 8,5 миллиондан ортиқ истеъмолчи мавжуд бўлиб, абонентлар томонидан рақамларнинг тез-тез ўзгартирилиши сабабли кўплаб хабарлар эгасига етиб бормаётгани қайд этилди.
«Бугунги кунда биллинг тизимидан 20 дан ошиқ SMS хабар юборамиз. Ёшлар телефон рақамларини кўп ўзгартиради, лекин бизнинг биллингимизда эски рақамлар қолиб кетади. Жуда ҳам кўп SMS'ларимиз эгасиз юборилиши оқибатига олиб келади. Бу ҳаммаси маблағга боради», — деди Малика Расулова.
40 йил ишлатилаётган трансформаторлар
Тармоқлардаги узилишларнинг яна бир сабаби сифатида ускуналарнинг эскиргани ва улардан белгиланган муддатдан ортиқ фойдаланилаётгани кўрсатиб ўтилди. Ривожланган давлатларда муддати ўтган ускуналар дарҳол алмаштирилса, Ўзбекистонда маблағ сабабли улар ишлашда давом этмоқда.
«Ишлаб чиқарувчи заводлар томонидан трансформаторларга 25 йил муддат қўйилади. Чет элларда 25 йил ишлаб берган ускунани олади-да, ўрнига янги қўяди. Бизлар эса 25 йилдан кейин ҳам ишлатамиз. Чунки бу соҳа жуда катта маблағ талаб қилади. Шунинг учун ҳам бизларда 40 йилдан зиёд ишлатилаётган электрқурилмаларимиз бор», — дея таъкидлади вазирлик вакили.
АСКУЭ ва кулерлар сарфи
Кўрсатув давомида янги ҳисоблагичлар (АСКУЭ) ўрнатилгач, электр сарфи ошиб кетгани ҳақидаги шикоятларга ҳам муносабат билдирилди. Бу асосан хонадонларда янги маиший техникалар кўпайгани билан изоҳланди.
«АСКУЭни қилганимиздан кейин жуда кўп норозиликлар бўлди. Лекин ўрганиш натижасида нимага келинади? Масалан, фуқаролар янги кулер олган. Битта кулер ўртача 55-60 киловатт электр энергияси ишлатади. Бу ҳам электр энергиясига бориб тақаладиган жойлари бор», — деди Малика Расулова.





