Электромобиллар оммалаштирилади: арзон кредитлар ва таксичиларга янги имтиёзлар

24.01.2026 | 12:252 daqiqa

Ўзини ўзи банд қилган ҳолда электромобилда такси хизматини кўрсатаётганларга ижтимоий солиқни тўлашда 30 фоизгача чегирма бериш режалаштирилмоқда.

Электромобиллар оммалаштирилади: арзон кредитлар ва таксичиларга янги имтиёзлар

Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили Давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, 2026 йил якунигача электромобилда такси хизматини кўрсатувчи ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 300 минг нафарга етказилиши режалаштирилган. Бу йўналишда асосий эътибор аҳолини қонуний меҳнат фаолиятига жалб этиш ва экологик тоза транспорт улушини оширишга қаратилган.

Электротаксиларга имтиёзлар

Дастур доирасида ўзини ўзи банд қилган ҳолда такси хизмати кўрсатаётган фуқаролар учун қатор имтиёзлар жорий этилади. Хусусан, белгиланган ижтимоий солиқни тўлашда 30 фоизгача чегирма берилади. Шунингдек, давлат ташкилотларига тегишли, жумладан аэропорт ва вокзалларнинг пулли автотураргоҳларидан 30 дақиқагача бепул фойдаланиш ҳуқуқи тақдим этилади.

Имтиёзли кредитлар

Электромобиль сотиб олишни рағбатлантириш мақсадида аҳоли учун имтиёзли банк кредитлари жорий этилади. Маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган электромобиллар учун 12 фоизли, хориждан импорт қилинган электромобиллар учун эса 16 фоизли кредитлар ажратилиши кўзда тутилган. Банк кредитлари бўйича юқори фоиз ставкалари ўртасидаги фарқ Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Биринчи босқичда 41 мингта электромобиль хариди учун шундай кредит маблағлари ажратилиши белгиланган. Бу чора аҳолининг янги транспорт воситаларини сотиб олиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Қувватлаш инфратузилмаси

Электромобилларни қувватлаш станцияларида 1 киловатт соат электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисми Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Шу билан бирга, қувватлаш станциялари ташкил этиш учун тадбиркорларга 10 фоизли мақсадли кредитлар ажратилади.

Қувватлаш станциялари учун ер майдонлари аукцион орқали бозор қийматидан икки баравар арзон нархда тақдим этилади. 2026 йил охиригача бундай станциялар сонини 4 мингтага етказиш режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid