Энди «чиройли» авторақамларни мобил илова орқали харид қилиш мумкин
Илова орқали оддий давлат рақам белгилари, қолаверса, мотоцикл ёки скутер учун ҳам рақам танлаш мумкин.

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб республика товар-хомашё биржаси орқали ўтказиладиган ауционлар ҳамда «чиройли» рақамларни оширилган ставкаларда бериш амалиёти бекор қилинган эди. Эндиликда эса давлат рақам белгиларини сотиб олишнинг янги йўли — «АвтоРақам» мобил иловаси ишга туширилди.
Ушбу тизим орқали жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар қуйидаги амалларни бажаришлари мумкин:
Бўш бўлган рақамлар комбинациясини реал вақтда кузатиш;
Танланган рақамни банд қилиш ва ўз номига бириктириш;
Тўловларни масофавий шаклда амалга ошириш;
Жараённи шахсий кабинетда назорат қилиш.
Илова App Store ва Play Market платформаларида жойлаштирилган. Тизимнинг асосий мақсади — давлат рақамларини сотиб олиш жараёнида шаффофликни таъминлаш ва инсон омилини йўқотиш. Яъни энди фойдаланувчи истаган авторақамни илованинг ўзидан харид қилиши мумкин.

