
Энди мобил рақамлар ҳисобда пул йўқлиги учун икки ойда «куйиб кетмайди»
Қолаверса, абонентлар амалдаги тариф режасини исталган бошқа тариф режаси билан бепул алмаштириши мумкин бўлади.

Энди Ўзбекистонда мобил рақамларни сақлаб қолиш муддати сезиларли даражада узайтирилиб, тарифларни ўзгартириш мутлақо бепул бўлади. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот Телеграм-каналида хабар берилди.
Қайд этилишича, Адлия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларини янги таҳририни давлат рўйхатидан ўтказган.
Рақамларни сақлаш ва тарифлар
Ушбу ҳужжатда телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишда фуқароларга қулайликлар яратишга қаратилган қуйидаги бир қатор янгиликлар белгиланган.
Жумладан, мобил алоқа абонентлари шахсий ҳисобида маблағ хизмат кўрсатишни давом эттириш учун етарли бўлмаганда мобил алоқа оператори ва абонент ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш (мавжуд бўмаган рақам ҳолатига ўтказиш) муддати 2 ойдан 1 йилга узайтирилади.
Абонентлар амалдаги тариф режасини исталган бошқа тариф режаси билан бепул алмаштириши мумкин бўлади (бундан муайян гуруҳ ёки маълум чекланган ҳудуд учун ишлаб чиқилган алоҳида тариф режаларига ўтиш мустасно).
Сайёр хизматлар
Амалдаги тарифлар шартлари ўзгарганда, абонентлар бу ҳақда камида 15 кун олдин оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайт ёки СМС хабарномалар орқали мажбурий тартибда хабардор қилинади.
Аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, хизмат кўрсатиш пунктига келиш имконияти бўлмаган фуқаролар учун яшаш жойига бориш, олис ва етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида сайёр мобил алоқа хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади.





