Энергетика вазири ва блогер ўртасидаги низо: суд ишни кўрмасдан тугатди
Низо метан заправкаларидаги навбатлар, электр ва газ таъминоти муаммолари ҳамда «Avto24» иловаси ҳақидаги танқидий постлар ортидан келиб чиққан.
© vaqt.uzБугун, 7-май куни Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров устидан ёзган аризаси асосида очилган иш жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди биносида кўриб чиқилди. Бу ҳақда суд залидан VAQT.UZ мухбири хабар берди.
VAQT.UZ мухбирига кўра, судда аризанинг муддати ўтиб кетганлиги сабабли айблилик масаласини муҳокама қилмасдан туриб, ишни тугатиш ҳақида тўхтамга келингани тушунтирилган.
Ҳаммаси нимадан бошланган?
Мазкур низо вазирнинг 2024-йил 26-декабр куни Тошкент шаҳар ИИББга қилган мурожаати билан боғлиқ. Шикоятда «бакирооо» Telegram каналида эълон қилинган, метан заправкалардаги навбатлар, «Авто24» мобил иловаси фаолияти ва Тошкент туманидаги электр ҳамда газ таъминотидаги узилишлар танқид қилинган постларга ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.
Блогер Отабек Бакировнинг таъкидлашича, вазирнинг эътирозларига сабаб бўлган чиқишлар қарийб бир ярим йил олдинги воқеаларга тааллуқли.
«Мирзамаҳмудов шикоятининг мазмуни 2024-йил декабр ойида метан заправкаларда газ бор-йўқлиги ва навбатлар ҳақида маълумот беради, дея тақдим этилган «Avto24» иловасига билдирилган эътирозлар, шунингдек Тошкент туманида «режага чиқиш учун» пайдар-пай газ-свет ўчирилишлар билан боғлиқ. Қизиғи, шикоят ва қайта очилган иш яна қарийб 1,5 йил аввалги чиқишлар билан боғлиқ ва ўзгаришсиз жиҳати шундаки, мазкур пост ёзилаётган кунда ҳам свет уч марта, қарийб 4 соатга ўчди», - дея ёзди Бакировнинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Ички ишлар идоралари мазкур мурожаат юзасидан 2026 йил 23 январда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган эди. Бироқ орадан икки ой ўтиб, 25 март куни шаҳар прокуратураси ушбу қарорни асоссиз деб топди ва бекор қилди.





