
Энг катта пасайиш «TBC Bank»да: Ўзбекистон банклари 2025 йилда қандай фойда олди?
Тугатилаётган «Янги банк»дан ташқари барча 34 та банк 2025 йилни фойда билан якунлади. Бунда энг охирги ўринни «TBC Bank» эгаллади. «Миллий банк» бу сафар ҳам энг кўп фойда олувчи банк мақомини сақлаб қолди.

Ўзбекистон банкларининг 2025 йилда олган умумий фойдаси 15,5 трлн сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда оператив маълумотларга таяниб, Bankers.uz хабар бермоқда.

2025 йилги фойда банклар учун рекорд даражада бўлиб, аввалги йилга нисбатан 2,3 баробар кўпроқ бўлди. Аввалги рекорд 2023 йилда қайд этилганди.
Йил давомида 1 трлн сўмдан кўпроқ фойда олган банклар сони биринчи марта 5 тани ташкил қилди. Фойда бўйича етакчи — «Миллий банк» бўлди. Банк 2025 йилда фойдасини қарийб 200 млрд сўмга ошириб, 1,92 трлн сўмга етказди.
Иккинчи ўринни 1,88 трлн сўм билан «SQB» (+576,9 млрд сўм) эгаллади. «Капиталбанк» (+632,4 млрд сўм) эса 1,79 трлн сўм фойда олиб, кучли учликни ёпиб берди.
2024 йилда «Миллий банк»дан кейин иккинчи ўринда бўлган «Ҳамкорбанк» — бу сафар тўртинчи поғона билан кифояланади. Банкнинг фойдаси ўтган йили 278,4 млрд сўмга ошиб, 1,7 трлн сўмга етди. Бироқ, «SQB» ва «Капиталбанк»да ўсиш «Ҳамкорбанк»дан каттароқ бўлгани сабаб банк кучли учликдан чиқиб кетди.
«OFB» 2025 йилни ўзи учун рекорд даражада якунлаб, 1 трлн сўмдан кўпроқ фойда олган бешинчи банкка айланди. Банк фойдаси йил давомида 143 млрд сўмга ортган.
Яқинда тугатилиши маълум бўлган «Янги банк» ўтган йили 136,7 млрд сўм зарар олган. «Янги банк»дан ташқари барча 34 та банк 2025 йилни фойда билан якунлаган. Бу ҳам 2025 йил банклар учун қанчалик муваффақиятли йил бўлганини кўрсатади.
Давлат улуши мавжуд банклар 2025 йилни 5 трлн 793,7 млрд сўмлик фойда билан якунлаган. Бир йил олдинги натижалардан фарқли равишда, 2025 йилни бирорта давлат банки зарар билан якунламаган.
2024 йилни зарар билан якунлагани «Микрокредитбанк» (-1,7 трлн сўм) ва «Бизнесни ривожлантириш банки» (-2,2 трлн сўм) 2025 йилда мос равишда 160,8 млрд сўм ва 503 млрд сўм соф фойда олган. «Бизнесни ривожлантириш банки» 2025 йилда фойда кўрсаткичи энг кўп яхшиланган банк бўлди.
34 та банкдан фақат 5 таси 2025 йилга нисбатан камроқ фойда олган. Булар «Infinbank», «Uzum bank», «Ziraat bank», «Poytaxtbank» ва «TBC Bank». Қолган барча банкларда ўсиш кузатилди.
Фақатгина иккита банк 2025 йилда 1 млрд сўмдан камроқ фойда олди — «Avo bank» (684 млн сўм) ва «TBC Bank» (628 млн сўм). «TBC Bank» фойдаси энг кўп пасайиб кетган банк бўлди. Банк 2024 йилда 341 млрд сўмдан ошиқ соф фойда олганди.
Teglar






