add

Энг кўп китоб ўқиган ходимга пул мукофоти берилади

2026 йил 1 апрелга қадар ўзида ва тизимидаги ташкилотларда «Китоб бурчаги» ташкил этилади ва ходимлар учун ҳар ойда «Китоб ўқиш соати» йўлга қўйилади.

Энг кўп китоб ўқиган ходимга пул мукофоти берилади

«Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори 2026 йил 15 январ куни қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, давлат бошқаруви тизимида китобхонликни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги механизмлар жорий этилади.

Қарорга кўра, барча вазирлик ва идоралар 2026 йил 1 мартга қадар ўз фаолият соҳасига оид тавсия этиладиган касбий адабиётлар рўйхатини шакллантиради. Шу билан бирга, ҳар йили камида учта хорижий касбий адабиёт маҳаллий нашриётлар орқали ўзбек тилига таржима қилиниб, мутахассислар иштирокида изоҳ, луғат ва амалий мисоллар билан бойитилади.

2026 йил 1 апрелга қадар барча давлат ташкилотларида ва уларнинг тизимларида «Китоб бурчаги» ташкил этилади. Ходимлар учун ҳар ойда «Китоб ўқиш соати» жорий қилиниб, китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими шакллантирилади.

Танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади. Шунингдек, китобхонлик натижаларига кўра, энг кўп китоб ўқиган топ-100 нафар ўқувчи ва талабанинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараварига тенг мукофот тўланади.

Қарор доирасида 2026 йил 1 февралдан аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган «Китоб – маърифат манбаи» дастури амалга оширилади. Умумтаълим муассасаларида «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари ташкил этилиб, клуб аъзолари ўртасида мунтазам китоб таҳлиллари, дебатлар ва рағбатлантириш тадбирлари ўтказилади.

Teglar

Mavzuga oid