Энг кўп қайси давлатлар Ўзбекистон маҳсулотларини харид қилмоқда?
2026 йилнинг январ ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 1,7 млрд АҚШ долларини ташкил этди.

2026 йил январь ойида Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми 1,7 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26,7 фоизга ошган.
Мазкур даврда Ўзбекистон маҳсулотларини энг кўп харид қилган давлатлар орасида Россия биринчи ўринни эгаллади. Бу мамлакатга экспорт ҳажми 325,8 млн долларга тенг бўлди. Россия бозори Ўзбекистон учун асосий ташқи савдо йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Хитой эса иккинчи ўринни эгаллади. Ушбу давлатга 178,1 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Шу билан бирга, Афғонистон ҳам Ўзбекистон товарларини энг кўп импорт қилаётган мамлакатлардан бири бўлиб, бу давлатга 136,7 млн долларлик маҳсулот етказиб берилган.
Европа давлатлари орасида Франция етакчи харидор сифатида қайд этилди. Ушбу мамлакатга экспорт ҳажми 103,6 млн долларни ташкил этди. Шунингдек, Туркияга 84,3 млн доллар, Қозоғистонга 81,6 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Марказий Осиё давлатлари ҳам Ўзбекистон учун муҳим савдо шериклари ҳисобланади. Жумладан, Қирғизистонга 46,5 млн доллар, Тожикистонга эса 45,7 млн долларлик товарлар етказиб берилган. Шу билан бирга, Бирлашган Араб Амирликларига 41,4 млн доллар ва АҚШга 32,1 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилнинг илк ойида мамлакат ташқи савдо айланмаси қарийб 6 млрд долларга етганлиги ҳақида хабар берган эдик.





