Эрон АҚШга 10 банддан иборат шарт қўйди: санкциялар ва Ҳўрмуз бўғози

Эрон Ҳўрмуз бўғозини очиш эвазига санкцияларни бекор қилишни ва ҳар бир кемадан 2 млн доллар бож олишни таклиф қилди. Трамп буни «муҳим қадам» деб атади.

Эрон АҚШга 10 банддан иборат шарт қўйди: санкциялар ва Ҳўрмуз бўғози

Эрон Ҳўрмуз бўғозидаги қамалдани бекор қилиш эвазига АҚШ ва Исроил билан урушни тўхтатиш бўйича 10 банддан иборат таклифлар пакетини тақдим этди. Покистон воситачилигида юборилган ҳужжатда Эронга қарши барча санкцияларни бекор қилиш, қайта ҳужум қилмаслик кафолати ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига нисбатан ҳарбий амалиётларни тўхтатиш талаблари илгари сурилган. Теҳрон вақтинчалик оташкесим ғоясини рад этиб, урушни тўлиқ тугатиш зарурлигини таъкидламоқда. Доналд Трамп ушбу таклифни «салмоқли қадам» деб атаган, бироқ келишув учун бу ҳали етарли эмаслигини билдирган, деб ёзмоқда «The New York Times» нашри.

Таклифга кўра, Эрон Ҳўрмуз бўғозини очса-да, аввалги «эркин ҳаракатланиш» тартибига қайтмайди. Бунинг ўрнига, ҳар бир ўтаётган кемадан тахминан 2 млн доллар миқдорида бож ундириш ва бу маблағни Ўмон билан бўлишиш кўзда тутилган. Тўпланган маблағлар АҚШ ва Исроил ҳужумлари натижасида вайрон бўлган Эрон инфратузилмасини тиклашга йўналтирилиши керак. Бу билан Эрон томони бевосита товон пули талаб қилмасдан, ўз зарарларини кема эгалари ҳисобидан қоплашни режалаштирмоқда.

Бўғоздаги вазият эса ҳамон кескинлигича қолмоқда. Ўтган дам олиш кунларида 21 та кема ўтиб, уруш даврининг рекорди ўрнатилган бўлса-да, Эрон суюлтирилган табиий газ (СТГ) танкерларини ҳамон ўтказмаяпти. Қатарнинг иккита СТГ танкери бўғозга яқинлашиб, Эрон тақиқи сабабли яна ортга қайтишга мажбур бўлди. Шу билан бирга, Покистон, Ҳиндистон ва Таиланд каби давлатларнинг нефт танкерлари, шунингдек, Франция ва Япония билан боғлиқ кемалар маълум келишувлар асосида ўтишга муваффақ бўлмоқда.

Бож ва чекловлар

Эрон Ҳўрмуз бўғозини иқтисодий даромад манбаига айлантириш стратегиясини қўлламоқда. Баъзи кемалардан аллақачон 2 млн долларлик бож ундирилаётгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланди.

Бу тизим нафақат энергия нархларига, балки глобал логистика занжирига ҳам кучли босим ўтказмоқда. Теҳроннинг ушбу «янги божхона» тартиби халқаро денгиз ҳуқуқи нормаларига зид бўлса-да, амалда ишга туширилган.

Teglar

Mavzuga oid

Эрон АҚШга 10 банддан иборат шарт қўйди: санкциялар ва Ҳўрмуз бўғози | Vaqt.uz