add

Эрон ва Марказий Осиё Афғонистон ташқи савдосини «қутқариб қолди»

Kecha 15:352 daqiqa

Покистон билан зиддият туфайли чегараларнинг ёпилишига қарамай, Афғонистон 2025 йилни иқтисодий барқарорлик билан якунлади.

Эрон ва Марказий Осиё Афғонистон ташқи савдосини «қутқариб қолди»

2025 йилда Афғонистон ташқи савдоси Покистон билан асосий чегара ўтиш пунктлари бир неча бор ёпилганига қарамасдан барқарорлигини сақлаб қолди. Бу натижа экспорт ва импорт оқимларининг тобора кўпроқ Эрон ва Марказий Осиё орқали ўтаётган муқобил йўлларга йўналтирилиши ҳисобига таъминланди. Бу ҳақда Афғонистон Савдо вазирлигига таяниб Reuters хабар берди.

Маълум қилинишича, барқарорликка Исламабод билан муносабатлар кескинлашиб, ўн йиллар давомида денгизга чиқиш учун асосий дарвоза бўлиб келган транзит йўлаклари издан чиққан шароитда эришилди. Афғонистон географик жиҳатдан денгизга чиқиш имкониятидан маҳрум давлат сифатида узоқ вақт Покистон йўналишига боғлиқ бўлиб келган.

Сўнгги бир йилда эса афғон тадбиркорлари юк ташишни диверсификация қилишга мажбур бўлди. Хусусан, товарлар Эроннинг Чобаҳор порти орқали жўнатила бошланди, шунингдек, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон орқали қуруқликдаги логистика кенгайтирилди. Бу қарорлар кечикишлар ва сиёсий ноаниқликлар таъсирини юмшатган.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2025 йилда Афғонистоннинг умумий савдо айланмаси, яъни экспорт ва импортнинг жами қиймати қарийб 13,9 миллиард долларга етган. Экспорт ҳажми тахминан 1,8 миллиард доллар бўлиб, йил давомида деярли ўзгармади. Импорт эса 12,1 миллиард доллардан бироз ошган.

Афғонистон экспортида Ҳиндистон, Покистон ва бир қатор Марказий Осиё давлатлари асосий бозорлар бўлиб қолмоқда. Товарлар таркибида қуруқ мевалар, кўмир, гиламлар, заъфарон ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари устунлик қилган. Импортда эса ёқилғи, ускуналар, асосий озиқ-овқат ва саноат хомашёси етакчи бўлиб, улар асосан Эрон, БАА ва Хитойдан олиб келинган.

Афғонистон расмийлари савдо йўлакларини диверсификация қилиш Покистонга қарамликни камайтириш ва сиёсий кескинлик шароитида ҳам ташқи савдони узлуксиз давом эттириш имконини берганини таъкидламоқда.

Teglar

Mavzuga oid