Эртадан ўзбекистонликлар ҳаётида нималар ўзгаради?

Kecha 23:108 daqiqa

Энди жарима балларини камера ва радарлар орқали ҳисоблаш бошланади. Уй ёки машина сотиб олишда эса нақд пул камайиб, банк бош ролга чиқади. Қуйида эртадан бошлаб кучга кирадиган энг асосий янгиликларни жамладик.

Эртадан ўзбекистонликлар ҳаётида нималар ўзгаради?

Давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилади

2026 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими олти кунликдан беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилади. Бу президентнинг тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда «тиббиёт муассасалари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида байрам ва дам олиш кунлари уларнинг иши навбатчилик асосида ташкил этилиши» маълум қилинган.

Нотариал фаолият билан шуғулланиш ёшининг юқори чегараси 65 ёшдан 70 ёшгача оширилади

2026 йил 1 апрелдан нотариуслар фаолиятида бир қатор ўзгаришлар кучга киради. Хусусан, Ўзбекистонда нотариал фаолият билан шуғулланиш ёшининг юқори чегараси 65 ёшдан 70 ёшгача оширилади. Бунда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси томонидан ўтказиладиган суҳбат натижасига кўра нотариус ўз розилиги билан иш фаолиятини 70 ёшгача амалга ошириш имконига эга.

Шунингдек, давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш бўйича танлов ва хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи малака имтиҳони ўрнига АКТдан фойдаланган ҳолда икки босқичли ягона танлов тартиби жорий этилади. Бундан ташқари, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус узрли сабабларга кўра ўз касбий фаолиятини бажаролмаган тақдирда, унинг аризасига асосан лицензиянинг амал қилиш муддати тўхтатиб турилиши мумкин.

Қарорга кўра, шунингдек, 1 апрелдан кўчмас мулк ва ундаги улушлар билан боғлиқ барча битимлар нотариус томонидан «Нотариус» ахборот тизими орқали давлат рўйхатидан ўтказиш учун юборилади. Кўчмас мулк объекти давлат рўйхатидан ўтказилганда унинг янги мулкдори ҳақидаги маълумотлар коммунал хизматлар ташкилотларининг электрон ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади ва маълумотлар базаларида янгиланади.

Камера ва радарлар энди жарима балларини ҳам ҳисоблайди

1 апрелдан бошлаб камера ва радарлар нафақат жарима солади, балки йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун автоматик равишда балларни ҳам белгилайди! Қоидабузарликларнинг тахминан 12 тури мавжуд: Энг кам балл сабабсиз сигнал чалиш ва тўхташ-тўхтаб туриш қоидаларини бузиш (0,2 балл), тезликни ошириш (0,5 дан 2 баллгача), қизил светофордан ўтиш (1 балл). Ҳатто ноқонуний тўхташ ҳам жарима балли олиб келиши мумкин (0,2 дан 0,5 баллгача). Энг кўп — 2 балл тезликни 60 км/соатдан ортиқ ошириш, қарама-қарши ҳаракатга чиқиш ва ЙТҲ қатнашчисининг ҳодиса жойидан кетиб қолиши учун берилади.

Ҳайдовчининг ҳисобидаги жарима баллари 12 ой ичида 12 баллга етиб қолса, тегишли ҳужжатлар судга инсон омилисиз, автоматик юборилади ва ҳайдовчи СМС орқали хабардор қилинади. Суд бундай ҳайдовчиларни 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этади.

Шунингдек, 12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида кейинги даврда қоидаларни биринчи марта бузганлиги учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди. Ҳайдовчига жарима балли ёзилганидан кейин у 6 ой давомида бошқа қоидабузарлик содир этмаса, унинг жарима балларидан 2 жарима балли чегириб ташланади.

Автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида нақд тўлов тўхтатилади

1 апрелдан бензин, метан, пропан ва электр транспорт воситаларини зарядлаш учун нақд пулда тўлов қилиш тўхтатилади. Бу талаб президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги фармонида белгилаб қўйилган. Фармонга кўра, автойўлларда ва шаҳар ҳудудларида жойлашган ёнилғи қуйиш шохобчалари нефть-газ маҳсулотларини сотишда ҳамда электромобиллар учун зарядлаш хизматларини кўрсатишда фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимларини қабул қилиши шарт бўлади. Нақд пулда тўлов қилиш имконияти қолдирилмайди. Барча заправкалар олдига махсус кирим аппаратлар ўрнатилади. Агар пластик картангиз бўлмаса, Сиз ушбу аппаратга пул солиб чек олишингиз ва чек билан ёқилғи қуйиб кетишингиз мумкин бўлади!

Бу қарор соя иқтисодиёти ва «кулранг» схемаларга қарши кураш билан изоҳланмоқда: ҳар бир тўлов қайд этилади, назорат кучайтирилади. Мамлакат тўлиқ рақамли тўлов тизимига ўтмоқда. Бундан ташқари қонунчиликка кўра, давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар; электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар; алкоголь ва тамаки маҳсулотлари; қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.

Нақд пулга уй ва машина олди-сотдиси бекор қилинади

1-апрелдан янги тартиб кучга киради. Унга кўра, уй-жойни сотиш ва сотиб олишда барча ҳисоб-китоблар банк ва нотариус орқали электрон тарзда амалга оширилади, яъни олдингидек қўлдан-қўлга пул бериш амалиёти бекор қилинади ва бутун жараён назорат остига олинади. Яъни олди-сотдида пул банк орқали ўтмаса, нотариус шартномани тасдиқламайди.

Янги тартибга кўра:

• харидор пулни банкдаги эскроу ҳисобварағига ўтказади;

• нотариус банк маълумотлари орқали пул ҳақиқатдан ўтганини текширади;

• шундан кейингина шартнома тасдиқланади;

• кейин пул сотувчининг ҳисобварағига ўтказилади.

Яъни, банк орқали пул айланмаса, уй ёки машина олди-сотдиси нотариус томонидан расмийлаштирилмайди. Шунингдек, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини олди-сотдиси электрон тарзда амалга оширилади. Яъни амалда деярли барча турдаги транспорт воситалари ушбу тартибга тушади. Агар қандайдир сабаб билан нотариус шартномани тасдиқламаса, унда харидор банкка мурожаат қилиб, эскроу ҳисобдаги пулни тўлиқ қайтариб олиши мумкин, яъни унинг пули «қотиб қолмайди».

Янги тартибнинг асосий мазмуни шуки, энди пул аввал банкда сақланади, нотариус текширади ва фақат шундан кейингина сотувчига ўтади, бу эса: — фирибгарликни камайтиради, ҳисоб-китобларни шаффоф қилади, харидор ва сотувчини бир вақтнинг ўзида ҳимоя қилади ва энг муҳими, уй ёки машина сотиб олиш жараёнини хавфсиз ва ишончли қилади. Марказий банкка кўра, эскроу ҳисобрақамлар орқали амалга ошириладиган битимларга хизмат кўрсатиш бўйича давлат банкларидаги комиссиялар кўчмас мулк бўйича 0,5 БҲМ (206 минг сўм), автомобиль бўйича 0,25 БҲМ (103 минг сўм)дан ошмайди. Агар харидор ва сотувчига битта банкда хизмат кўрсатилса, комиссия фақат бир марта олинади. Агар харидор ва сотувчининг банклари бошқа-бошқа бўлса, ҳар бир банк комиссиянинг ярмидан ошмаган қисмини олади. Хусусий банклар тарифларни мустақил белгилайди.

Tax free пунктлари барча халқаро аэропортларда пайдо бўлади

1-апрелдан бошлаб чет эл фуқаролари учун қўшилган қиймат солиғини қисман қайтариш (tax free) тизими мамлакатнинг барча халқаро аэропортларида жорий этилади. Ҳозир у 9 та аэропортда (Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Урганч, Қарши, Навоий, Нукус ва Термизда) фаолият кўрсатмоқда.

ҚҚСни қайтариш учун хариднинг минимал қиймати 1 млн сўмдан 300 минг сўмга туширилади. Tax free тизими татбиқ этиладиган товарларнинг чекланган рўйхати (озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари) бекор қилинади. ҚҚСни чет эл фуқароларининг банк картасига қайтариш товарлар олиб чиқилган кундан бошлаб 3 иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади.

Пиллачилик билан шуғулланувчиларга субсидия берилади

Президентнинг 6 мартдаги қарорига кўра, Ўзбекистонда пилла етиштирувчиларга бир қанча субсидия ва солиқ имтиёзлари берилади.

Хусусан, 2026 йил 1 апрелдан:

• пилла етиштирувчиларга (ипак қурти боқувчи ва касаначиларга) «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори асосида пиллачилик кластери ҳақиқатда пилла учун тўлаб берган маблағларнинг 35 фоизи миқдорида субсидия ажратилади;

• ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги (Ўрмон агентлиги) балансидаги ер майдонларида ташкил этиладиган тутзорларда пилла кооперативи тузиш мақсадлари учун ушбу кооператив аъзоси ҳисобланадиган камбағал оилаларга (1 та оиланинг 1 нафар аъзосига фақат 1 марта) 4 млн сўмдан субсидия ажратилади;

• ипак қуртини парваришлашда зарур бўладиган асбоб-ускуна ва жиҳозларни харид қилиш учун касаначиларга 3 йил муддатга БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади;

• уруғчилик корхоналарига ипак қурти уруғларини тайёрлаш фаолиятига жалб этиладиган ҳар бир мавсумий ишчи ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилиб берилади.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича ягона медиа-портал ишга тушади

2026-йил 1-апрелдан бошлаб коррупцияга қарши курашиш бўйича ягона медиа-портал иш бошлайди. Бу президентнинг 16 февралдаги 2026 йилги давлат дастури тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган.

Сунъий интеллект ҳар йили ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги 10−15 мингта хабарни таҳлил қилади, коррупция сигналларини аниқлайди ва давлат органларининг реакциясини кузатиб боради.

В1 сертификати бўлган шахслар фуқароликка қабул қилишда давлат тили имтиҳонидан озод этилади

Ўзбек тилини билиш даражаси тўғрисида камида В1 даражадаги малака сертификатига эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонидан озод этилади.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, тилларни ўқитиш, ўрганиш ва баҳолаш бўйича умумевропа мезонлари (СЕFR) талабларига мувофиқ чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш тизими жорий этилади.

2026-йил 1-мартдан бошлаб CEFR мезонларига мувофиқ чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билишнинг A1, А2 ва В1 даражалари бўйича, 2027 йил 1 мартдан бошлаб эса В2, С1 ва С2 даражалари бўйича малака сертификатини бериш учун имтиҳонлар жорий этилади.

Кўчмас мулк битимларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ўзгаради

Кўчмас мулк ва ундаги улушлар билан боғлиқ барча битимлар нотариус томонидан Нотариус ахборот тизими орқали давлат рўйхатидан ўтказиш учун юборилади. Сўнг, кўчмас мулк объекти давлат рўйхатидан ўтказилганда унинг янги мулкдори ҳақидаги маълумотлар коммунал хизматлар ташкилотларининг электрон ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади ва маълумотлар базаларида янгиланади.

Чет эл фуқароларига ҚҚСни қайтариш тизими такомиллаштирилади

Қонунчиликка кўра, республиканинг барча халқаро аэропортларида чет эл фуқароларига ҚҚСни қайтариш тизими йўлга қўйилади. ҚҚСни чет эл фуқароларининг банк картасига қайтариш товарлар олиб чиқиб кетилган кундан кейин 3 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Чет эл фуқароларига ҚҚСни қайтаришда минимал харид қиймати ҚҚСни инобатга олган ҳолда 300 минг сўм этиб белгиланади.

Офицерларнинг хизмат муддати учун устамалари 2 баробар оширилади

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб Мудофаа вазирлиги офицерларига кўп йиллик хизмати учун устама миқдори 2 карра оширилади. Контракт асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши эса 10 фоизга кўпайтирилади. Бу ҳақда Хавфсизлик кенгашининг 13 январ кунги йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилган.

Президентга кўра, ҳудудий мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимларининг ҳарбий бўлмаган хизматчиларининг ойлиги бу йил 20 фоизга, келаси йили яна 50 фоизга оширилади. Қуролли Кучлар сафида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик миқдори 75 фоиздан 100 фоизга етказилади. Ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қурилиши ҳам кенгайтирилади. Масъулларга ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотини белгилайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, парламентга киритиш топширилди.

Teglar

Mavzuga oid